Линклар

Журналист 5,5 йилга қамалди


Наманган вилоятида чоп этиладиган “Поп тонги” газетаси бош муҳаррири, таниқли журналист Ортиқали Намозов устидан ўтказилган суд жараёнлари ниҳоясига етиб, у 5,5 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Маълумотларга кўра, О.Намозов 2001 йилдан буён “Поп тумани” газетаси бош муҳаррири лавозимида ишлаб келган. Жорий йилнинг июнь ойида Салима Ботирова исмли аёлнинг шикоят аризаси асосида Ўзбекистон Жиноят кодексининг бешта моддасида кўрсатилган жиноятларни содир этишда айбланиб, унинг устидан жиноят иши қўзғатилган. 28 июнь куни вилоят ҳудудидан чиқиб кетмаслик шарти билан журналист ҳибсдан озод этилган. 4 август куни Тўрақўрғон тумани жиноят ишлари судида О.Намозов устидан суд жараёни бошланган.

11 август куни суд мажлисларига ўз вақтида келмай, судни атайлаб чўзишга ҳаракат қилганликда айбланиб, О.Намозов эҳтиёт чораси сифатида ҳибсга олинди. 13 август куни судья Юнусали Раҳимов раислигида ўтган суд жараёнида ҳукм ўқиб эшиттирилди. Ҳукмда айтилишича, О.Намозов 2000-2003 йиллар давомида ўз мансаб ваколатларини суиистеъмол этиб, муҳаррир ўринбосари Мамажонов, собиқ бош ҳисобчи Йўлдошев, амалдаги бош ҳисобчи Мирзатиллаев билан аввалдан тил бириктирган ҳолда таҳририятнинг катта миқдордаги маблағи ва мол-мулкини талон-тарож қилган ҳамда ўзлаштириб юборган. Бу жинояти учун журналист 5,5 йилга, унинг шериклари эса 2 йилдан 3 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум этилган.

О.Намозовнинг адвокати сўзларига қараганда, журналист аввалги адвокати фаолиятидан норози бўлиб, судга шикоят ариза билан мурожаат қилган. Янги адвокат 12 август куни ишга киришган. 13 август куни эса янги адвокат ишни тўла ўрганиб чиқишга улгурмай туриб суд айбланувчиларга ҳукм ўқиган.

“Поп тонги” газетаси ходимларидан бирининг билдиришича, газета жамоаси О.Намозовнинг, суд ҳукмида айтилганидек, таҳририятга тегишли бир неча миллион сўмлик маблағни ўзлаштириб юборганига ишонмайди. Зеро, журналистнинг турмуш шароити унинг катта маблағни ўзлаштирганидан дарак бермайди. Жамоа собиқ раҳбарини адолатпарвар инсон бўлгани учун ҳурмат қилган.

Адвокат ва таҳририят аъзоларининг таъкидлашича, туман газетасида ўзлаштириб юборилиши мумкин бўлган бундай катта маблағнинг ўзи йўқ. Шунинг учун суд бу ишга нохолис ёндашган, дея хулоса қилиш мумкин.

О.Намозовнинг адвокати Тўрақўрғон тумани суди ҳукми юзасидан юқори инстанцияга шикоят ариза билан мурожаат этилишини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG