Линклар

logo-print

Ўзбекистон чегараларни минадан тозалашга киришди

  • Садриддин Ашур

Хабарларга қараганда, Ўзбекистон Қирғизистон билан чегарадош ҳудудларида ўрнатилган миналарни зарарсизлантиришга киришган. Миналар бундан деярли олти йил муқаддам ўрнатилган ва шу вақт мобайнида ўнлаб кишиларнинг бевақт ўлимига сабаб бўлган эди.

Жорий йилнинг 18 июнь куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти доимий кенгашининг Венада бўлиб ўтган махсус йиғилишида Ўзбекистон ўз чегара ҳудудларини миналардан тозалашга тайёрлигини билдирганди.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, ўзбек чегарачилари кўмган минага учраш оқибатида қарийб олти йил мобайнида тожикистонлик 68 фуқаро ҳалок бўлган, 59 киши жароҳатланган.

Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили Нурхон Алимбековнинг маълум қилишича, 2000 йилдан буён минага учраб портлаш туфайли ушбу мамлакатнинг 32 фуқароси ўлган, 12 киши тан жароҳати олган.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Комилжон Жабборов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда ўзбек ҳарбийлари Қирғизистон билан чегарадош ҳудудларни минадан тозалашга киришганини тасдиқлади.

“1 августдан Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан чегара ҳудудлари, хусусан, Фарғона вилоятидаги Сўх ва Шоҳимардоннинг тоғли қисмида кўмилган миналар зарарсизлантирилмоқда. Халқаро террорчи гуруҳлар ва диний экстремистларнинг ўтиши эҳтимоли бўлгани учун 1998 йилда бу ҳудудларни миналаштириш бошланган эди”, деди К.Жабборов.

К.Жабборовнинг таъкидлашича, бу тадбирларни Ўзбекистон ҳарбийлари ўз куч ва тажрибаларига таянган ҳолда амалга оширмоқда. Миналарни зарарсизлантиришга махсус ҳарбий бўлинма жалб қилинган. Миналардан тозалаш катта меҳнат ва вақт талаб этиши боис миналардан тозалаш жараёни анчагача чўзилиши мумкин.

Хабарларга кўра, октябрь ойида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Тошкентда миналарни зарарсизлантириш йўллари ва усуллари, чегаралар хавфсизлигини таъминлашга мавзусида махсус семинар ўтказади. Тадбирда бир қанча хорижий экспертлар иштирок этади.
XS
SM
MD
LG