Линклар

Янги қарор ҳеч кимга фойда келтирмайди


Саида Жорий йилнинг сентябрь ойидан бошлаб Ўзбекистонга четдан маҳсулот олиб келувчи якка тадбиркорлар учун янги тартиб жорий этилди. Энди савдонинг бу тури билан шуғулланувчи шахслар Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги ва божхона органларида ташқи савдо иштирокчиси сифатида рўйхатга олинади.

Ушбу тартиб-қоидалар Вазирлар Маҳкамасининг яқинда қабул қилинган “Тадбиркорлик фаолияти учун четдан товар олиб келувчи жисмоний шахслар фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида амалга киритиляпти.

Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги вакили Улуғбек Юнусов мазкур қарор ва унинг мақсади ҳақида маълумот беришни истамади. Шунга қарамай, қарор қабул қилингани бўлса-да, уни жорий этиш тартиблари эндигина ишлаб чиқилаётганини билдирди.

“Тадбиркор аёл” уюшмаси ижрочи директори Малика Раҳимжонованинг айтишича, якка тартибда фаолият кўрсатувчи тадбиркорлар кўпчиликни ташкил этади. Бироқ шу вақтгача уларнинг фаолияти юзасидан ҳисобот йиғилмас эди. Янги қарор эса якка тадбиркорларнинг фаолиятини тартибга солади ва натижада бу бюджетга кўпроқ маблағ тушишини таъминлайди.

М.Раҳимжонованинг таъкидлашича, якка тадбиркорлар ёнида кўп ҳолларда уларнинг яқинлари ҳам фаолият кўрсатади. Бундан буён улар ҳам якка тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиши, демакки, солиқ тўлаши шарт.

Якка тартибда савдо қилувчи шахслар илгари туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги савдо департаментида рўйхатга олинарди. Жорий йилнинг 1 ноябригача улар ўзлари яшаб турган ҳудуддаги солиқ органларида рўйхатга олинади.

Хусусий тадбиркор Сирожиддин Дўлтаевнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистонда хусусий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича чиқарилаётган қарорлар доимо бир-бирини инкор қилиб келган.

“Божхона ва агентликда рўйхатдан ўтиш ортиқча қоғозбозликдир. Дейлик, тадбиркор касал бўлиб қолса, рўзғорни боқиш учун унинг ишини кимдир юритиб туриши керак-ку? Лекин янги қарор тадбиркорни шундай ёрдам олишдан маҳрум этади. Бунинг учун ёрдамга келган одамга ҳам тегишли ҳужжат олиб бериш лозим. Бу қарор ҳеч кимга фойда келтирмайди, балки турган-битгани зиён”, деди С.Дўлтаев.

Қарорда белгиланишича, якка тадбиркор ташқи савдо иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтгандан сўнг экспорт-импорт операцияларини худди юридик шахс мақомига эга тадбиркор сингари амалга оширади. С.Дўлтаевнинг фикрича, якка тартибда фаолият кўрсатувчи бундай тадбиркор юридик шахс мақомидаги тадбиркорда бўлган ҳуқуқларга эга эмас. Бундан ташқари, якка тадбиркор ишни бир ўзи ташкил эта олмайди. У барибир ёнига ёрдамчи олишга мажбур. Янги қарор асосида ёрдамчи ҳам патент оладиган бўлса, амалда тадбиркор икки баробар, яъни ўзи ва ёрдамчиси учун солиқ тўлашига тўғри келади.
XS
SM
MD
LG