Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:30

Исроил ҳукумати Ғарбий соҳилда мингта уй қуришга рухсат берди


Азизулло Арол Исроил ҳукумати Ғарбий соҳил ҳудудида мингта янги турар жой қуриш режасини тасдиқлади. Кузатувчилар ушбу режани халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қуватланган "Йўл харитаси" деб аталувчи Исроил-Фаластин тинчлик режасига хилоф ҳаракат¸ деб баҳоламоқдалар. АҚШ ташаббускорлигида ишлаб чиқилган тинчлик режасини Исроил ҳукумати қабул қилган. Мазкур режага кўра¸ Ғарбий соҳил ва Ғазо минтақасида турар жой биноларини қуриш тақиқланган. Ҳамкасбим Азизулло Арол билан бугунги суҳбатимиз ана шу мавзуда бўлади.

Исроил ҳукуматининг Ғарбий соҳилда турар жойлар қуришдан мақсади нима?

Бундан кўзланган мақсад 2005 йилнинг охирига қадар Ғазо минтақасидаги барча яҳудийларни кўчириб келиб¸ янги турар жойларга жойлаштиришдир. Исроил Уй-жой вазири Ципи Ливнига кўра¸ бу режани кўпчилик исроилликлар қўллаб-қуватлаган. Бу билан Исроил расмийси аксарият исроилликлар қурилиш режалаштирилган мазкур минтақа Исроилнинг бир қисми бўлиб қолиши керак¸ деган фикрда эканлигига ишора қилган.

Бироқ¸ турар жойлар қуриш режаларини кузатиб борган Исроилдаги гуруҳ ҳукуматнинг ушбу режасини танқид қилиб¸ уни Ғарбий соҳилда кенг кўламли окупация¸ деб баҳолади.

Фаластин маъмурияти Исроилнинг бу режасига қандай муносабати билдиряпти?

Фаластин маъмурияти вакили Сайиб Эрекат Исроилнинг ушбу қарори тинчлик режасини барбод қилаëтганини таъкидлаб¸ халқаро ҳамжамиятни Ғарбий соҳилда турар жойлар қуриш режасига йўл қўймаслик учун Исроил ҳукуматига босим ўтказишга чақирди. Айни пайтда Эрекат АҚШ Президенти Жорж Бушни Исроил ўз зиммасига олган мажбуриятларга амал қилишини талаб қилишга чақирди.

Хўш¸ АҚШ расмийлари Исроилнинг режасига қандай ëндашмоқда?

Айрим кузатувчилар фикрича¸ шу йил апрел ойида Президент Буш¸ Исроил Ғарбий соҳилни бутунлай тарк этиши керак¸ деган фикрни қўллаб-қуватламаслигини билдиргани Исроил ҳукуматини ушбу минтақада янги турар жойлар қуришга рағбатлантирган эди.

Бироқ¸ Вашингтон Фаластин ҳудудларида яҳудийлар қишлоқларини кенгайтириш режасига қаршилик билдирган эди.

АҚШнинг Исроилдаги элчихонаси вакили Пол Патеннинг сешанба куни айтишича¸ Исроил тинчлик режасининг барча шартларини қабул қилган ва ана шу шартларга бўйсуниши керак.

Демак¸ Исроил раҳбари янги турар жойларни қуриш режасини маъқуллагани тинчлик режасига зиëн етказади. Айни пайтда¸ маълумотларга кўра¸ Фаластиннинг ўзида¸ шу жумладан маъмурият ичида ҳам қатор муаммолар бор. Улар ҳам тинчлик жараëнини амалга оширишга халақит беряпти. Хабарларга кўра¸ чоршанба куни Фаластин мухторияти раҳбари Ясир Арафат мана шу муаммолар ҳақида гапирган. Арафат айнан қандай муаммоларга тўхталди?

Арафат чоршанба куни парламентда сўзлаган нутқида Фаластин маъмуриятининг айрим расмийлари тоқат қилиб бўлмайдиган хатоларга йўл қўйганларини айтди. Бироқ¸ у бу борада қандай чора кўришини билдирмади.

"Айрим соҳаларда нотўғри ишлар қилинган ва баъзи масъулиятсиз шахслар ўз вазифасини суиистеъмол қилган. Қонун устуворлиги етарли даражада таъминланмаган¸ мустақил адлия тизими тўғри фаолият қилмаяпти"¸ -деди Фаластин раҳбари

Айтиш мумкинки¸ АҚШ ва Европа Иттифоқи Арафатни маъмуриятдаги камчиликларни бартараф этишда жиддий чоралар кўришга ундамоқда. Маълум бўлишича¸ маъмурият расмийлари ўртасида порахўрлик илдиз отган. Ҳатто Арафатнинг ўзи катта миқдордаги ëрдам пулларни ўзлаштиргани ҳақида маълумотлар бор. Айни пайтда Ғарб давлатлари Арафатни ҳукуматда ислоҳотлар ўтказиш ëки ҳамкорликдан воз кечишга чақирмоқда.
XS
SM
MD
LG