Линклар

Ўзбекистонлик хотин-қизлар анжуман ўтказди


Саида Куни-кеча Тошкентда Ўзбекистон хотин-қизларининг илк конференцияси бўлиб ўтди. Унда депутатлар, олималар, муаллималар, шифокорлар, фермерлар, бошқа турли соҳалар вакилалари иштирок этди.

Анжуман иштирокчиларига Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов табрик йўллади.

“Бугунги кунда Сиз, муҳтарама аёлларимизнинг оилада тинчлик ва осойишталик, меҳр-оқибат муҳитини сақлаш, ҳаёт ташвишлари ва муаммоларини сабр-тоқат, оқиллик билан ҳал этиш, фарзандларимизни баркамол инсонлар этиб тарбиялаш билан бирга мамлакатимизнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаётида, жамиятимизда амалга оширилаётган туб ўзгариш ва янгиланишлар жараёнида фаол қатнашаётганингизни мамнуният билан эътироф этамиз. Айни вақтда республикамиздаги хотин-қизлар ташкилотлари фаолиятини таҳлил қилиб, холисона баҳо берар эканмиз, улар аёллар манфаатининг амалдаги ҳақиқий ифодачиси ва ҳимоячисига, биз барпо этаётган эркин фуқаролик жамиятининг том маънодаги узвий бир қисмига айланиши учун кўп иш қилишимиз зарурлигини ҳам яхши англаймиз”, - дейилади табрикда.

Республика хотин-қизлар қўмитаси мутахассиси Раъно Раҳмон қизининг сўзларига қараганда, мамлакат хотин-қизларининг ушбу анжумани танқидий руҳда ўтган. Жойлардаги хотин-қизлар қўмиталари фаолиятида бир қанча камчиликлар мавжудлиги, фойдаланиш мумкин бўлган, бироқ фойдаланилмаётган имкониятлар борлиги қайд этилган.

Р.Раҳмон қизининг таъкидлашича, делегатлар аёллар фаолиятига тўсиқ бўлаётган омиллар ҳақида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирган. Хусусан, хоразмлик делегатлардан бири аёл тадбиркорлар ишларига аралашув кўплиги, имтиёзли кредитлар олишда қийинчиликлар борлигини айтган.

Р.Раҳмон қизи анжуманда аёлларни иш билан таъминлаш масаласи ҳам кўтарилганини маълум қилди.

“2005-2007 йилларда хотин-қизларни иш билан таъминлашга қаратилган ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш масаласи кўрилди. Бу дастурларда 200 мингга яқин янги иш ўрни ташкил этиш кўзда тутилган. Улар учун кичик корхоналарда 40 минг, хизмат кўрсатиш соҳасида 30 минг, якка тадбиркорлик соҳасида 75 минг, фермер ва деҳқон хўжаликларида 50 минг янги иш ўрни яратиш мўлжалланган”, - деди Р.Раҳмон қизи.

Унинг билдиришича, анжуманда тилга олинган муаммо ҳамда камчиликларнинг олдини олиш ва бартараф этиш мамлакат хотин-қизларининг 2005-2007 йилларга мўлжалланган ҳаракат дастурига киритилган.
XS
SM
MD
LG