Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:08

АҚШ Ўзбекистонда ўзининг доимий ҳарбий базасига эга бўладими?


АҚШ Президенти Жорж Буш Американинг Европа ва Осиёдаги ҳарбий базалари қисқартирилиб, собиқ Варшава шартномаси давлатлари ва бошқа бир қанча ҳудудларда янги базалар ташкил этилишини эълон қилди.

Сиёсатшуносларнинг тахминича, Американинг янги ҳарбий базалари Марказий Осиёда ҳам пайдо бўлиши мумкин. Хусусан, Американинг Ўзбекистондаги базаси доимийлик мақомини олиб, янада кенгайтирилиши эҳтимоли бор. Зеро, АҚШнинг нигоҳи, биринчи навбатда, ўзининг стратегик ҳамкорларига қаратилган.

Сиёсатшунос Фарҳод Толибовнинг таъкидлашича, АҚШнинг Ўзбекистон билан боғлиқ бундай режаси хусусида ҳозирча расмий баёнот берилгани йўқ. Шунга қарамай, бу режанинг амалга ошиши эҳтимоли йўқ эмас. Бу кўп жиҳатдан Ўзбекистон ҳукуматининг сиёсий иродасига боғлиқ.

Ф.Толибовнинг фикрича, АҚШ ўз ҳарбий базаларини бирор мамлакат ҳудудида жойлаштириб, ўзаро ҳарбий ҳамкорликни йўлга қўйиши бу ердаги маҳаллий доирадаги ислоҳотларга ҳам туртки бўлганини тарихий мисоллар кўрсатиб турибди. Бироқ бу масалада доимо эҳтиёткорона муносабатда бўлиш зарур. Зеро, АҚШ ҳарбий базаси жойлаштирилиши ўша мамлакатга ҳар доим фойда келтирмаган ҳоллар ҳам мавжуд. Маҳаллий аҳолининг америкалик ҳарбийлардан норозилик билдиргани кўп кузатилган.

“Эрк” демократик партияси бош котиби Отаназар Ориповнинг сўзларига қараганда, АҚШ расмийлари ўз базаларини бутунлай бошқа мамлакатга кўчиришни эмас, балки ҳарбийларнинг тезкорлигини кучайтиришни бош вазифа қилиб қўйган.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов АҚШ ҳарбийларининг Ўзбекистонга доимий жойлаштирилиши эҳтимоли камлигини тахмин қилди.

“Ҳозирги вақтда Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари бирмунча мураккаб тус олган. Ўзбекистон ташқи сиёсатда кўпроқ Москва тутган йўлга эргашаётгандек кўринмоқда. Бундан ташқари, мамлакатда парламент сайлови яқинлашяпти. АҚШ ва Европа мамлакатлари сайловлар демократик бўлиши учун ўз талабларини қўяди. Мазкур омиллар ҳисобга олинса, назаримда Ўзбекистон ўз ҳудудида АҚШ ҳарбий базаси бўлишидан манфаатдор эмас”, - деди сиёсатшунос.

Хўш, АҚШ ҳарбийлари Ўзбекистонда мустаҳкам ўрнашиб олса, мамлакатда аксиламерика кайфияти қўзғалмайдими?

О.Ориповнинг эътирофича, уч-тўрт йил илгари Ўзбекистонда аксиламерика кайфияти йўқ, деса ҳам бўларди. Расмий Тошкент аксилтеррор коалицияга қўшилгандан сўнг бундай кайфият пайдо бўла бошлади. АҚШ ҳарбийлари Ўзбекистонда мустаҳкам ўрнашиб олишга ҳаракат қилса, аксиламерика кайфияти кучайиб боради. Бундан ташқари, АҚШнинг халқаро терроризмга бутун диққатини қаратиб, демократия ва инсон ҳуқуқларига эътиборни сусайтиргани Америкага қарши кайфиятнинг юксалишига яна бир омил бўлади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Илҳом Зокировнинг билдиришича, АҚШ Президентининг ҳарбий базаларни бир жойдан бошқа жойга кўчириш тўғрисидаги баёноти умумий гап-сўзлардан иборат. Унда аниқ деталлар келтирилмаган. Шунинг учун Америка ҳарбий базалари Ўзбекистонда доимий қолиши масаласида аниқ гапиришга ҳали эрта. Америкалик генераллар Абизаид ва Майерснинг Ўзбекистонга яқинда қилган ташрифлари эса режа бўйича амалга оширилган бўлиб, ҳарбий-техникавий ҳамкорликка бағишланган.
XS
SM
MD
LG