Линклар

Мактаб бозорларидаги нархлар кўпчиликни қониқтирмаётир


Басира Август ойининг илк кунларидан Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида бўлгани каби Бухоро шаҳрида ҳам мактаб бозорлари иш бошлади. Бу бозорларда мактабда ўқиш учун зарур бўлган ўқув қуроллари, жумладан, китоб, дафтарлар, ўқувчилар сумкалари сотувга чиқарилган.

Ота-оналарнинг кўпчилиги мактаб бозорларидаги нарх-наводан қониқмаётир. Бухоролик Санобар Латипова бозорда савдо билан шуғулланади. Унинг айтишича, икки фарзандига ўқув қуроллари сотиб олиш учун 45 минг сўм атрофида пул сарфлаган. Бунга болаларга зарур бўладиган кийим-кечак харид қилиш пули кирмайди.

Мустақил кузатувчиларнинг таъкидлашича, битта ўқувчига ўқув қуроллари сотиб олиш учун ўртача 30 минг сўм маблағ зарур бўлади. Ўзбек оилалари кўп болали экани ҳисобга олинса, уларни мактабга тайёрлаш анча қимматга тушиши ойдинлашади.

Мактаб бозорларида савдо қилаётган сотувчилар эса бу ерда нарх-наво унча қиммат эмаслигини айтади. Уларнинг билдиришича, баъзи ўқув қуролларининг баҳоси ошгани август ойидан ойлик иш ҳақлари ва нафақаларнинг кўтарилгани билан боғлиқ.
XS
SM
MD
LG