Линклар

Ўзбекистон аҳолисининг тўртдан бири оч

  • Барно Анвар

БМТнинг Остона шаҳридаги ваколатхонаси МДҲга аъзо мамлакатларда аҳолининг турмуш даражаси, овқатланиши, саломатлигига оид ҳисобот эълон қилди. Ҳисоботда ёзилишича, бу давлатларда умумий ҳисобда аҳолининг 10 фоизи тўйиб овқатланмайди.

Ҳисоботда БМТнинг Озиқ-овқат дастури томонидан Тожикистонда аҳолининг 70 фоизи, Ўзбекистонда эса 25 фоизи тўйиб овқатланмаслиги аниқлангани таъкидланади. Бу кўрсаткичлар кундалик рациондаги таомлар калорияси, тўйимлилиги, витаминларга бойлиги даражасига қараб келтирилган.

Ўзбекистондаги Саломатлик институти рационал овқатланиш бўлими ходими Зарема Шокировнанинг фикрича, халқаро миқёсдаги бундай тадқиқотларга асос қилиб олинган кўрсаткичлар айрим ҳолларда мавжуд вазиятни рўй-рост ифодаламаслиги мумкин. Шунинг учун тадқиқотларда Ўзбекистон аҳолисининг овқатланишида шаклланган ўзига хосликларга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Мамлакат аҳолиси ҳўл мева-чева эмас, гўшт ейишни маъқул кўради. Бундан ташқари, маҳсулотлар кўп қовурилиши билан ажралиб туради. Шу боис, мамлакатда тўғри овқатланишни тарғиб қилиш муҳимдир. Тўғри овқатланишда зарур бўладиган маҳсулотлар эса Ўзбекистонда жуда сероб.

З.Шокировнанинг эътирофича, БМТ ҳисоботида Ўзбекистонда ўсмирларнинг тўйиб овқатланмаслиги ҳақида келтирилган рақамларда жон бор. Зеро, ўсмирларда бўй ўсиши борасидаги кўрсаткичларда пасайиш кўзга ташланган. Бу эса баъзи ўсмирлар мунтазам равишда тўйиб овқатланмаётганидан дарак беради.

Маориф соҳаси мутахассиси Гуласал Турғунованинг айтишича, бугунги кунда мамлакатда тўйиб овқатланмаётган аҳолининг асосий қисмини болалар ташкил этади. Бунинг бош сабаби мамлакатдаги оғир турмуш тарзидир. Фуқаролар ўзи учун зарур озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилишга қурбсизлиги етмагандек, томорқасида етиштирилган маҳсулотларни ҳам сотишга мажбур бўлаётир.

Иқтисодчи Робия Каримованинг билдиришича, аҳоли гўшт ва гўшт маҳсулотларини тўйиб емаётганига сабаблардан бири мамлакатда чорва сони камайиб кетганидир. Бунинг устига, четдан шу турдаги маҳсулотларни олиб келишда ҳам чекловлар бор.

Аксарият мутахассислар Ўзбекистонда тўйиб овқат емаётганларнинг аксарияти ишсиз фуқаролардир, деган фикрни билдирди.
XS
SM
MD
LG