Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:35

Тукманистон сунъий кўл ва дарё қуриш режасини амалга оширмоқда


Орол денгизининг қуриши одам фаолияти оқибатида юзага келган жиддий экологик фожиалардан бири, дея бахоланмоқда. Орол қуришда давом этар экан, уни сув билан таъминлаб келган Сирдарё ва Амударё сувига талаб ҳам кун сайин ортиб бормоқда. Орол муаммолари минтақада яшовчи миллионлаб одамлар саломатлигига ҳам салбий таъсир этмоқда. Хусусан, Қорақалпоғистон ва Хоразм вилояти, Туркманистоннинг Дошховуз вилояти, шунингдек Қозоғистоннинг Оролбўйи минтақаларида яшовчи аҳоли орасида анемия, сил каби касалликлар тарқалиб боряпти. Маълумки, Туркманистон ҳудудларининг 80 фоизини чўл зонаси ташкил этади. Шунга қарамай, Туркманистон ҳукумати улкан сунъий кўл барпо этиш лойиҳасини амалга ошира бошлади.

Режага кўра, ушбу сув хавзаси 3 минг 460 квадрат километрни ташкил этади. “Олтинкўл” деб аталаётган бу резервуар Қирғизистондаги Иссиқ-кўлнинг ярмидан каттароқ бўлади. Лойиҳа муаллифларига кўра, мазкур кўл 4 минг квадрат километр экин майдонини суғориш имконини яратади. Бу эса Туркманистондаги экин майдонлари ҳажмини 20 фоизга кенгайтириш ҳамда 450 минг тонна пахта ва 300 минг тонна буғдой етиштириш имконини яратади. 2020 йилгача якунланиши мўлжалланган Туркманистон ҳукуматининг мазкур лойиҳасига тўрт ярим миллиард доллар сарфлашни кўзда тутилмоқда.

Аммо ушбу лойиҳаси турли баҳсу-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Айримлар бу Туркманистоннинг ички иши эканини айтаётган бўлса, бошқалар сунъий кўл Марказий Осиё экологиясига салбий таъсир этишини таъкидламоқда.

Хусусан, Қозоғистондаги атроф-муҳит ҳимояси билан шуғулланувчи “Табиат” номли ташкилот раҳбари Мэлс Элеусизов Озодлик радиосига, бу лойиҳа минтақа экологиясига жиддий зарар етказишини айтади:

”Русларда “ўзи ўтирган бутоқни арралаяпти” деган нақл бор. Туркманистон ҳукумати амалга ошираётган лойиҳа Марказий Осиё экологиясига жиддий зарар етказади. Чунки шусиз ҳам Орол денгизи минтақага катта зарар етказмоқда. Амударёдан қўшимча сув олиниши вазиятимизни янада оғирлаштиради. Мен буни Туркманистон Президентининг масъулиятсизлиги, деб биламан” - дейди қозоғистонлик атроф-муҳит ҳимоячиси.

Айрим мутахассислар фикрича, Туркманистонда бунёд этила бошланган Олтинкўл биринчи галда Ўзбекистонга зиён етказиши мумкин. Чунки Амударё сувлари Хоразм вохаси ва Орол томонга буриладиган бир нуқтадан Туркманистонга олиб қўйилиши ҳозирнинг ўзида сув танқислигидан қийналаётган бу ҳудудлардаги вазиятни янада мураккаблаштириши мумкин.

Биз бу борада ўзбекистонлик мутахассислар фикрини ўргандик. Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Саидазим Мирзаевнинг фикрича, ҳозирча бу режа оқибатлари ҳақида аниқ бир нарса айтиш қийин.

Сув муаммолари бўйича Марказий Осиё илмий тадқиқотлар институти мутахассиси Вадим Соколов фикрига кўра, аслида туркманистонлик мутахассислар лойихаси бу қадар диққат ва баҳсларга сазовор эмас.

Айни пайтда Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси вакили Саидазим Мирзаев бу лойиҳани яқин орада амалга ошириш мушкул иш, деган фикрни билдирди.

Оммавий ахборот воситаларида Туркманистон ҳукумати сунъий кўлдан ташқари республика пойтахти Ашхободда сунъий дарё ҳам қуришга аҳд қилгани билдирилди. Дарёнинг эни 10-12 метр, чуқурлиги эса уч ярим метрни ташкил этади. Унга келадиган сув Қора-Қум дарёсидан олинади.

Туркманистон расмийларининг билдиришича, Ашхободда бундай сунъий дарёни яратишдан мақсад 11 километрни ташкил этувчи аквапарк тизимини бунёд этишдан иборат. Яратилаётган дарё кўнгилочар боғлар, кўкаламзор майдонлар, болалар майдончалари ва сайлгоҳлардан иборат иншоатлар ичидан оқиб ўтади. Бундан ташқари, Туркманистон расмийларига кўра, дарё устига қуриладиган кўп сонли кўприклар шаҳардаги транспорт қатновини яхшилайди ҳамда пойтахт архитектурасига замонавий қиёфа беради.

Аммо, Туркманистонда Олтинкўлдан ташқари пойтахтда сунъий дарё ҳам барпо этила бошлагани айрим мутахассисларни янада тажжубга солмоқда. Аксарият мутахассислар деярли чўл худудида жойлашган шаҳарда сунъий дарё бунёд этиш режаси қимматга тушишини айтмоқдалар. Эколог Содиқ Мўминов фикрича, шаҳар чўл худудида жойлашгани боис қурилаётган дарё учун одатдагидан кўпроқ сув сарфланади.

Аммо баъзи ўзбекистонлик мутахассислар Ашхободда 11 километрлик сунъий дарёни яратиш режаси қўшни республикалар, жумладан Ўзбекистон учун сув таъминоти масаласида жиддий муаммолар яратмайди, деб ҳисоблашмоқда.

Тошкентдаги сув муаммолари бўйича Марказий Осиё илмий тадқиқотлар институти директори Владимир Духовнийнинг фикрича ҳам Ашхободда яратилаётган сунъий дарё минтақада сув тақсимотига сезиларли таъсир кўрсатмайди. Чунки, унга кўра, Туркманистон нечта дарё ва кўл барпо этишидан қатъий назар, республикалараро сув тақсимоти бўйича белгиланган миқдордан ортиқча сув ололмайди.

Мана шундай бахс-мунозараларга сабаб бўлаётган дарёнинг қуриб битказилиши муддати 2006 йил, яъни, Туркманистон Президенти Сапармурод Ниёзов туғилган кунининг 66 йиллигига белгиланган. Туркманистон ҳукумати сунъий дарёнинг қурилишига 63 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратган. Дарё қурилиши лойиҳасини Украина ва Туркиялик мутахассислар амалга оширмоқда.
XS
SM
MD
LG