Линклар

Ўзбекистон делегацияси кўпроқ боксчи ва курашчиларга умид боғлашмоқда


Тўлқин Шу кунларда дунё афкор оммаси диққат марказида бўлиб турган ҳодиса бу Афинадаги ёзги олимпиада ўйинлари десак, муболаға бўлмайди. Афинадаги спорт мусобақаларини ёритиш мақсадида у ерга кўплаб журналистлар ҳам ташриф буюришган. Шу каби мазкур ўйинларда “Озодлик” радиоси мухбирлари ҳам иштирок этишмоқда. Шундай мухбирлардан бири ҳозирда хизмат сафари билан Афинада бўлиб турган “Озодлик” радиоси мухбири Қабил Макеш Олимпиада ўйинларига келган Ўзбекистон делегацияси аъзоларидан интервью олишга муваффақ бўлди.

Афинада бўлиб ўтаётган ёзги Олимпиада ўйинларида иштирок этаётган “Озодлик” радиоси мухбири Қабил Макешдан олинган энг сўнгги маълумотга кўра, мусобақаларда ҳозирда Хитой Халқ Республикасидан келган спортчилар пешқадамлик қилишмоқда. Яъни, медалларнинг сони бўйича хитойлик спортчилар — 10 олтин, 6 кумуш, 2 бронза медали билан биринчи ўринни ишғол қилиб туришибди. Бу рўйхатда Америка Қўшма Штатлари иккинчи ўринда, учинчи ўрин соҳиблари Австралиядан келган спортчилар, Япония — тўртинчи, Франция — бешинчи, Украина — олтинчи, Россия — еттинчи ўринда, дейди Қабил Макеш. 28-ёзги олимпиада ўйинлари мезбонлари — грециялик спортчилар мазкур рўйхатда 9 ўринни забт этишган.
Хўш, ўзбекистонлик спортчиларнинг олимпиада ўйинларидаги натижалари қандай? Шундай савол билан мухбиримиз Қабил Макеш Ўзбекистон Давлат Спорт Қўмитаси Раиси маслаҳатчиси Умид Ёқубовга мурожаат қилди:
“28-ёзги олимпиада ўйинларига келган Ўзбекистон миллий командаси 72 спортчидан иборат. 15 та спорт турлари бўйича бизнинг спортчиларимиз Ўзбекистон шаънини ҳимоя қилишади. Асосий бизнинг умидимиз — бу бокс, эркин кураш, юнон-рим кураши ва дзю-до каби спорт турлари” .
Қабил Макешга кўра, олимпиадага бокс бўйича Ўзбекистон шаънини ҳимоя қилиш учун борган спортчилар эришган натижалар нисбатан яхшироқ. Мухбиримизнинг бу борадаги саволига Ўзбекистон делегацияси аъзо Умид Ёқубов шундай жавоб қилди:
— Олимпиада ўйинларига қатнашиш учун 9 нафар ўзбекистонлик боксчи лицензияни қўлга киритди. Шу пайтгача бўлган мусобақаларда 4 нафар боксчимиз ғалабага эришди, 1 нафар боксчи мағлубиятга учради.
— Қайси спорт тури бўйича яхши натижага эришишни режалаштиргансиз?
— Спортда бирор нарсани режалаштириш қийин. Чунки спортда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Лекин бизнинг режамиз бўйича боксда ва эркин курашда медаллар албатта бўлиши керак.
— Ғалаба қозонган спортчиларга давлат томонидан ҳам қандайдир рағбатлантириш, мукофот бериладими?
— Яқинда мамлакат Президенти фармони чиқди. Бу фармонга кўра, 1-ўрин, яъни олтин медални қўлга киритган спортчиларга 100 минг АҚШ доллари, иккинчи ўринни эгаллаган спортчиларга 50 минг АҚШ доллари, учинчи ўринга 25 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот берилади.
— Ўзбекистондан спортчиларни қўллаб-қувватлаш учун Афинага қанча мухлислар келишган?
— Ўзбекистон делегацияси раҳбари Бош Вазир ўринбосари Алишер Азизхўжаев. Унинг муовини Давлат Спорт қўмитаси раиси Комилжон Юсупов. Делегация аъзолари ва купгина турист сифатида Ўзбекистондан келган мухлисларнинг умумий сони 300 кишига яқин.
XS
SM
MD
LG