Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:35

Диндор аёллар нодавлат ташкилотлардан ҳимоя истаётир


Фирдавс Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда жорий йилда содир этилган портлашлардан сўнг ҳижобга кирган аёлларга тазйиқ ва назорат кучайган. Бу эса кўплаб муслималарнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари сафига қўшилишига олиб келмоқда.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Ёдгор Турлибековнинг сўзларига қараганда, порлашлардан сўнг жамиятга мурожаат қилаётган диндор хотин-қизлар сони кўпайган. Уларнинг баъзилари ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилишни сўраётган бўлса, айримлари жамиятга аъзо бўлиш истагини билдирмоқда. Қисқа вақт ичида диндор аёлларнинг 30 дан ортиғи жамиятнинг вилоятдаги бўлимига аъзо бўлиш истагида ариза берган. Уларнинг 20 га яқини аъзоликка қабул қилинган.

Жамиятнинг янги аъзоси Шаҳло Раҳмонованинг таъкидлашича, портлашлардан сўнг ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг диндор аёлларга тазйиқлари ва назорати кучайгандан сўнг хотин-қизлар инсон ҳуқуқлари ташкилотларига мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда. Бунинг натижасида муслималарни яширин кузатишлар, чақириқ қоғозларисиз уларнинг уйларида тинтув ўтказишлар анча камайган.

Ё.Турлибековнинг фикрича, бирорта давлат органи бу аёлларнинг арз-додини тингламаётир. Чўкаётган одам хасга ҳам ёпишади, деганларидек диндор аёллар охирги нажотни инсон ҳуқуқлари ташкилотларида кўряпти.

Омбудсманнинг минтақавий вакили, Олий Мажлис депутати Муродилла Нормуродов ўзига бирорта диндор аёл ҳимоя сўраб мурожаат қилмаётганини билдирди. Депутатнинг таъкидлашича, эри ёки яқинлари қамалган муслималарни безовта қилиш ярамайди, аксинча уларга ёрдам бериш лозим. Сўнгги вақтларда вилоят фуқароларининг Омбудсманга турли масалаларда мурожаат қилиш ҳолатлари кўпайган. Бунга аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги юксалаётгани сабабдир.

Айрим манбаларнинг маълум қилишича, портлашлардан сўнг Қашқадарёда “Ҳизб ут-таҳрир” диний оқимига алоқадорликда айбланиб тўрт аёл ҳибсга олинган.
XS
SM
MD
LG