Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:54

Ў.Ғойибова: “Ўзи хон, ўзи султон ёшулли”


Меҳрабон Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ўрозгул Ғойибова шу кунларда 90 ёшни қаршиламоқда. У Урганч шаҳридаги Огаҳий номидаги театрда 50 йилдан ортиқ меҳнат қилган.

Онахон театрдаги ярим асрдан ортиқ фаолияти давомида 100 дан ошиқ роль ижро этган.

“Менинг биринчи ролим “Гулсара” пьесасида Асал образи бўлган. Шундан сўнг ўнлаб ролларни ўйнадим. Бир пьесада уч-тўрт ролни ўйнаган пайтларим ҳам бўлган. Биз ишлаган пайтда Огаҳий театрида ҳамиша аншлаг эди. Ҳозир эса актёрлар фақат концерт билан кун кўряпти. Номига ҳар замонда бир кичкина спектакль саҳналаштирилади. Мен бунга ачинаман. Томошабинлар театрдан қочди”, дейди Ў.Ғойибова.

Ў.Ғойибованинг айтишича, бугунги кунда Ўзбекистонда машҳур Султонпошша Раҳимова, Бекажон Раҳимова, Ширин Рамазонова, Клара Раҳимова, Розия Муродова унинг шогирдларидир. Бунақа шогирдлар эса жуда кўп. Шогирдлари унвон борасида устозидан ўзиб кетган бўлса-да, у бундан хафа эмас.

Ў.Ғойибованинг фарзандлари гўдаклик пайтидаёқ оламдан ўтган. Онахон ҳозир ёлғиз ўзи Урганчдаги кўп қаватли уйларнинг бирида умргузаронлик қилмоқда. Ўн йилдирки, унга ижтимоий хизматчи бириктирилган. Хизматчи ҳафтада икки марта келиб, онахоннинг ҳолидан хабар олади.

Ў.Ғойибова асли Туркманистоннинг Тошҳовуз шаҳридан. Унинг барча қариндошлари шу мамлакатда яшайди. Онахон Ўзбекистон-Туркманистон чегарасидан ўтишдаги муаммолар боис қариндошлари билан кўришиш имконияти йўқлигидан нолийди.

Ў.Ғойибованинг таъкидлашича, қариндошлари уни кўргани бир йилда бир марта зўрға келади.

“Бу ёшуллининг ўзи хон, ўзи султон. У ўзбекларни яхши кўрмас экан. Мактабларни ҳам бутунлай туркман мактабига айлантирган. Ахир бу миллатчиликка кирмайдими? Мен бунга ҳайрон қоламан. Ўз юртимга ўзим бора олмайман”, ҳасрат қилади онахон.

Яқинда Ў.Ғойибованинг 90 йиллик юбилейи вилоят миқёсида нишонланиши тўғрисида гап-сўзлар юрибди.

“Балки юбилей муносабати билан устозга каттароқ унвон берилар”, дейди Ў.Ғойибованинг шогирдлари.
XS
SM
MD
LG