Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:35

Қозоғистонда ирқий камситиш мавжудми?


Тўлқин Ирқий, миллий камситишларнинг олдини олиш инсон ҳуқуқларининг ажралмас бўлагидир. Хўш, кўпмиллатли Қозоғистонда бунга доир вазият қандай? Куни кеча Женева шаҳрида бўлиб ўтган БМТнинг Ирқий камситишларнинг барча шаклларини тугатиш бўйича қўмитасининг 65-сессиясида Қозоғистон бўйича тайёрланган ҳисобот ҳам тингланди. Қозоғистон Президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссия тақдим этган мазкур ҳисобот сессияда ижобий баҳоланди. Аммо қозоғистонлик мустақил инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакилларига кўра, ҳисоботга кўпгина мавжуд ирқий камситишларга боғлиқ ҳолатлар киритилмаган.

20 август куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Қозоғистон Президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссия раиси Жабайхан Абдильдин БМТ Қозоғистонда ирқий, миллий ва ҳар қандай шаклдаги камситишларни бартараф этиш юзасидан олиб борилаётган ишларни ижобий баҳолаганини билдирди. Жабайхан Абдильдин маълумотига кўра, Женевада бўлиб ўтган йиғилишда комиссия аъзолари Қозоғистон делегацияси вакилларига миллий озчилик, сиёсий ва фуқаролик инсон ҳуқуқларига оид 100 дан зиёд савол билан мурожаат қилишган.

“Женевада бўлиб ўтган икки кунлик сессиядаги чиқишлар ва маърузачининг хулосасидан шу нарса аён бўладики, ирқий, миллий ва ҳар қандай шаклдаги камситишларни бартараф этиш тўғрисидаги конвенция шартларини бажариш бўйича Қозоғистонда олиб борилаётган ишларга БМТ қўмитаси ижобий баҳо берди” - деди матбуот анжумани сўнггида Қозоғистон Ахборот Вазири биринчи ўринбосари Олег Рябченко.

Аммо Қозоғистондаги халқаро инсон ҳуқуқлари бўйича бюронинг директори Евгений Жолтиснинг айтиши бўйича, мазкур ҳисоботда кўпгина инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатлари, хусусан, этник масалалар, таълим, кадрлар ва тил билан боғлиқ муаммолар қайд этилмаган:

“Ҳисоботда на кадрлар масаласи, на тил, на таълим билан боғлиқ муаммолар, на қозоқ ва бошқа ерли аҳоли вакилларининг оммавий кўчиши каби ҳолатларнинг таҳлили бор” .

Президент ҳузуридаги инсон ҳуқуқлари комиссияси раиси Жабайхан Абдильдин қўшни мамлакатлардан ўз тарихий ватанига кўчиб келган кишиларни ўзбек, хитой, мўғул, деб камчитиш ҳоллари борлиги ва уларнинг яшаб кетишлари учун шароит яратилмаганлигини айтади:

“Қоғозистон ташқарисида яшаётган қозоқларни ватанига қайтариб, лекин уларнинг яшаб кетишлари учун шароит яратилмаслиги адолатсизликдир” .

Мўғулистонда олий маълумот олиб, бундан 14 йил бурун Қозоғистондаги Оқмула шаҳрига келган Салтанат Султон қозоқ тилини билмаганлиги ва дипломи Мўғулистонда олинганлиги сабабли ҳалигача ишсиз эканлигидан, уч боласи билан Улан-Баторга қайтиб кетаётганини айтади:

“Мана, 14 йилдан бери бошпанасиз ва ишсизман. Мўғул тили ва дипломи керак эмас, мол боқ, дейишади. Унда олий маълумотим нимага керак? Оиламни қандай боқаман?”

Евгений Жолтисга кўра, кадрлар масаласида лавозимли ўринларни тақсимлаш борасида ҳам муаммолар мавжуд. Унга кўра, Қозоғистондаги лавозимли ўринларни эгаллаб турган бошқа миллат вакиллари 12-20 фоизни ташкил қилади.
XS
SM
MD
LG