Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:34

Толиб Ёқубовнинг жамияти яна кенгайди


Фирдавс 19 август куни Қашқадарёда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда жамиятнинг Қарши шаҳри бўлимини ташкил этишга қарор қилинди.

Йиғилишда жамиятнинг вилоятнинг турли ҳудудларидан келган ўттиздан ортиқ аъзоси иштирок этди.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Қашқадарё вилояти бўлими икки мингинчи йилдан буён фаолият кўрсатиб келади. Унинг аъзолари сони 365 нафардир. Шу пайтга қадар вилоятда жамиятнинг Нишон ва Косон туманлари бўлимлари ташкил этилган эди. 19 августдаги йиғилишда эса жамиятнинг Қарши шаҳри бўлими ҳам тузилди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубовнинг сўзларига қараганда, кейинги вақтларда ҳукуматнинг мазкур жамиятга тазйиқи кучайгани сезилиб турибди. Шунга қарамай, ҳокимиятдан қаттиқ норозилиги туфайли фуқаролар инсон ҳуқуқлари ташкилотларига катта ҳурмат билан қараётир. Жойларда бундай ташкилотларнинг бўлимлари очилаётгани ҳам шундан далолат беради.

Жамиятнинг Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Ёдгор Турлибековнинг маълум қилишича, йил охиригача вилоятнинг бир қанча туманларида ҳам янги бўлимлар ташкил этиш режалаштирилган.

Т.Ёқубовнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда Қашқадарёда диний эътиқоди учун қамалаётганлар сони кўпайиб кетган. Март-апрель ойидаги портлашлардан кейин вилоятда ҳибсга олинганлар сони жуда кўп. Уларнинг ҳаммаси ҳам суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этилмаган бўлса-да, тазйиққа учраганлари анча-мунча. Илгари жамиятга аксарият ҳолларда тадбиркорлар мурожаат этгани, бугунги кунда диндорлар томонидан тушаётган мурожаат сони ортгани бу фикрларни тасдиқлайди.

Т.Ёқубов жамият аъзолари сонининг ортишига фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги юксалиб бораётгани ҳам сабаб бўлаётганини билдирди.

Йиғилишда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти олдида турган вазифалар белгилаб олинди. Янги ташкил этилган Қарши шаҳри бўлимига эса олий тоифали шифокор Саидмурод Қўчқоров раисликка сайланди.
XS
SM
MD
LG