Линклар

ГКЧП ва ўзбек зиёлилари

  • Садриддин Ашур

1991 йил 19 августда Москвада собиқ СССР Президенти Михаил Горбачёвни ўз лавозимидан кетказиш мақсадида мамлакатнинг бир гуруҳ раҳбарлари томонидан ўзига хос исён кўтарилган ва ГКЧП номи билан машҳур бўлган Фавқулодда вазиятлар бўйича давлат қўмитаси тузилган эди.

Мазкур исён тўғрисидаги хабарни ўзбекистонликларнинг бир қисми қувонч, баъзилари хавотир билан қарши олганди. “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Ўзбекистон зиёлилари ушбу воқеани яна бир эсга олди.

Адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов 1991 йилнинг 19 август куни Бешариқда ёзувчи Ўткир Ҳошимов билан дам олаётган эди.

“Радиони қўйиб, ҳокимият ГКЧП қўлига ўтгани ҳақидаги хабарни эшитдим. Очиғини айтганда, довдираб қолдим. Биз ҳам Ўткир (Ҳошимов) билан гаплашиб, бу воқеага салбий муносабатда бўлишимиз керак, деган фикрга келдик”, дейди О.Шарафиддинов.

Худди ўша кунлари Ўзбекистон делегацияси Президент Ислом Каримов раҳбарлигида Ҳиндистонда эди. Делегация таркибида бўлган ёзувчи Пиримқул Қодиров ўша кунларни қуйидагича хотирлайди:

“Президентимизнинг бу воқеага нисбатан тутган позицияси қатъий бўлди. Лекин ҳукуматнинг Тошкентда қолган аъзолари саросимага тушган экан. Буни биз кейин билдик”.

Шоир Жамол Камолнинг эслашича, у Ёзувчилар уюшмасидан чиқаётганда бир гуруҳ қаламкашларга дуч келган. Улар орасида бўлган таниқли шоир унга қараб: “Ҳокимият ҳақиқий эгалари қўлига ўтди. Энди сизларнинг ҳаммаларингизни битта-битта тутиб қамайди. Чунки шу пайтгача, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилсин, пахта яккаҳокимлигига чек қўйилсин, деб от қўйиб юрган эдинглар”, деган.

Ёзувчи Шукруллонинг таъкидлашича, Ўзбекистон зиёлиларининг баъзилари ГКЧПга ижобий, айримлари эса салбий муносабатда бўлган.

Ёзувчи Миразиз Аъзамнинг хотирлашича, 1991 йил июль ойида Ўзбекистонда Мустақиллик декларацияси қабул қилинган эди. Шунинг учун ГКЧПнинг ҳокимият тепасига келиши кўпчилик зиёлиларнинг юрагига ваҳм солган. Лекин уларнинг аксарияти хунтани қўллаб-қувватламаган.
XS
SM
MD
LG