Линклар

Кавагучи хоним Ўзбекистонга сафар қилмоқда

  • Садриддин Ашур

26-27 август кунлари Япония ташқи ишлар вазири Йорико Кавагучининг Ўзбекистонга расмий ташрифи кутилаётгани муносабати билан Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Илҳом Неъматов 23 август куни брифинг ўтказди.

И.Неъматовнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистон мустақилликка эришгандан буён Япония билан дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйишга катта эътибор беради. Япония Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларни мунтазам қўллаб-қувватлаб келади. Бугунги кунда Япония Ўзбекистонга энг катта молиявий-иқтисодий ёрдам кўрсатаётган донор мамлакатдир. Бу давлат ҳозиргача Ўзбекистонга 1 миллиард 800 миллион доллар ҳажмида кўмак берган.

Брифингда маълум қилинишича, Йорико Кавагучи хоним 26 август куни Тошкентда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Содиқ Сафоев билан музокаралар олиб боради. У Ўзбекистон жамоатчилиги ва дипломатик корпус вакиллари билан учрашади. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида “Япониянинг Марказий Осиёда олиб бораётган сиёсати” мавзуида маъруза ўқийди. Шунингдек, Япония ташқи ишлар вазирининг Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан учрашуви ҳам назарда тутилган.

Й.Кавагучининг Ўзбекистонга расмий ташрифи чоғида бир қанча ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.

Брифингда таъкидланишича, Япония ҳукумати стратегик жиҳатдан муҳим бўлган Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон темир йўлини қуриш учун Ўзбекистонга 150 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратишни режалаштирган. Бу йўл, энг аввало, Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлиш билан бирга Афғонистон орқали Ҳинд океанига чиқиш имкониятини яратади. Шунингдек, Япониянинг “Жейбик” инвестиция банки Тошкент, Навоий ва Муборак шаҳарларидаги иссиқлик электр станцияларини реконструкция қилиш учун 180 миллион долларга яқин сармоя киритишни таклиф этган. Бундан ташқари, “Бурсел-Боғот текстиль” Ўзбекистон-Туркия қўшма корхонаси фаолиятини йўлга қўйишга ҳам 40 миллион доллар ажратилади. Япония Ўзбекистон билан Афғонистонни бирлаштирадиган темир йўлни ривожлантириш учун 10 миллион доллар ажратишини билдирган.


И.Неъматовнинг айтишича, 27 август куни Й.Кавагучи хоним Марказий Осиё ҳамкорлиги ташкилотига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган учрашувида ҳам иштирок этади. Бу учрашувдаги минтақадаги ҳамкорлик масалалари “Марказий Осиё + Япония” форматида кўриб чиқилади. Бу эса Япониянинг Марказий Осиёда турли лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиши жуда катталигидан далолат беради.

Шу ўринда эслатиб ўтиш керакки, ўтган ҳафтада Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Рустам Азимов раҳбарлигида Япония билан ҳамкорлик қилиш бўйича 22 кишидан иборат қўмита тузилган эди. Янги қўмитага ўзаро шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий соҳаларда дўстлик ва ҳамкорликни ривожлантириш, парламент, тадбиркорлик, маориф, илмий ҳамда маданий соҳаларда икки томонлама алоқаларни юксалтириш вазифаси юкланган.
XS
SM
MD
LG