Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:19

Гуантанамода Афғонистонда қўлга олинган маҳбуслар устидан маҳкама жараёни бошланди


АҚШ етакчилигида Афғонистонда аксил террор кампанияси бошланганидан кейин Толиблар ва “Ал-Қайда” гуруҳининг минглаб жанггарилари асир олинди. Улардан 600 нафари АҚШнинг Кубадаги Гуантанамо ҳибсхонасига жўнатилиб, шу пайтгача ўша ерда сақлаб келинди. Орадан қарийб уч йил ўтиб, ниҳоят 24 август куни Гуантанамода тўрт маҳбус устидан дастлабки маҳкама жараёни бошланди. Бу иш билан АҚШ ҳукумати тайинлаган махсус трибунал шуғулланмоқда. Аммо танқидчилар дастлабки маҳкама жараёнлари адолатли эмаслигини ва ҳукм олдиндан маълумлигини айтмоқда.

Икки йилдан ортиқ ҳибсхонасида сақланган тўрт маҳбус иши ниҳоят дастлабки маҳкамага ошди. Судланаётганларнинг бири Австралия, икки нафари Яман ва яна бири Судан фуқароси.

Австралиялик Дэвид Хикксга Афғонистонда Толиблар тарафида туриб жанг олиб борганлик айби қўйилмоқда.

Яманлик Салим Аҳмад Ҳамдан Усама Бин Ладеннинг ҳайдовчиси бўлгани, иккинчи яманлик маҳбус Али Ҳамза Аҳмад Сулаймон ал-Бахлул ва суданлик Аҳмад Маҳмуд ал-Қосийга эса Бин Ладеннинг шахсий қўриқчилари бўлгани айби қўйилмоқда.

Дэвид Хикснинг отаси Терри ва австралиялик адвокат Стивен Кенни душанба куни Гуантанамога жўнаб кетдилар. Терри ўз ўғлининг дастлабки маҳкама жараёнида қатнашиш ҳақида АҚШ расмийлари билан гаплашмаганини ва ҳозирча фақат ўғли билан учрашишга рухсат беришларини илтимос қилишини айтди.

Австралия ҳукумати ўз фуқаросининг АҚШ расмийлари томонидан суд қилинишига ва агар жазо белгиланса, маҳбус уни ўз ватанида ўташи ҳақида Америка вакиллари билан келишувга эришган.

АҚШ ҳарбийлари матбуот вакили лейтенант Сюзан Мак Гарвей Гуантанамодаги айбланувчилар адолатли судланишига ишонтирмоқда:
”Ҳарбий комиссиялар ҳар бир айбланувчи ишини пухта ўрганади ва судлов адолатли бўлади. Ўзини айбдор эмас, деб ҳисоблайдиган судланувчиларга маҳкамага гувоҳлар чақиртириш ва далиллар келтириш имконияти яратилади. Шунингдек, ҳар бир айблов шубҳадан ҳолис тарзда исботланиши керак. Биз халқаро жамоатчилик келаси ҳафталар ёки ойлар ичида маҳкама адолатли ўтишини кўради, деган умиддамиз” - дейди АҚШ ҳарбий вакили.

Мак Гарвей АҚШ ҳукумати маҳбусларга қўйилган айбларни исботлаши кераклигини айтади.

Айни пайтда, халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари АҚШ ҳукумати тузган ҳарбий трибуналларни адолатли эмас, дея танқид қилмоқда. Масалан, ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотларга кўра, трибуналлар миш-мишларга далил сифатида асосланмоқда. Бундан ташқари, айрим ҳолларда айбланувчи ва унинг адвокати ўртасидаги суҳбатлар ёзиб олиниши мумкин. Маҳбусларга маҳкама қарори юзасидан шикоят аризаси ёзиш тақиқланган.

Бошқалар эса, суд хайъати офицерлардан ташкил топгани ҳисобга олинса, маҳкама жараёни адолатли ўтиши эҳтимолган йироқ, деган фикр билдирмоқда.

Бош қароргоҳи Нью Йоркда жойлашган Хюман Райтс Уотч ташкилоти вакили Зиё Зарифий Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда дастлабки суд жараёни ҳақида шундай деди:

”Биз бу жараён адолат қарор топиши учун эмас, балки фақатгина адолатли кўриниши учун ташкил этилган, деб хавотирланяпмиз. Дастлабки маҳкама қандай натижа билан тугашини диққат билан кузатамиз. Чунки бу маҳкама қандай натижа билан тугаши олдиндан белгиланган, деган хавотирдамиз ”.

Зиё Зарифий дастлабки маҳкама АҚШда эмас, балки Кубада ўтаётганини танқид қилди. Ҳуқуқ ҳимоячиси, агар суд АҚШда ўтганида айбланувчилар АҚШ Конституцияси ҳимоясида бўлган бўлишини айтади:

”Мазкур трибуналлар Гуантанамода жойлашиши ва маҳкамалар ўша жойда бўлиб ўтишининг ўзи ташвиш уйғотади. Суднинг Америка ташқарисида тузилганига хавфсизлик нуқтаи назаридан хеч қандай асос йўқ. Бундан ягона мақсад, маҳбусларни АҚШнинг адлия тизимидан йироқда сақлаш бўлган, деган хулоса келиб чиқади ” - дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

АҚШ бундай махсус трибуналлардан 1942 йилда фашистларга ёрдам берганликда гумон қилинган шахсларни жавобгарликка тортишда фойдаланган.

АҚШ Президенти Жорж Буш ҳозирча Гуантанамодаги фақат 15 маҳбуснинг иши дастлабки маҳкамада кўриб чиқилишига рухсат берган. Қолган маҳбусларнинг тақдири эса ҳамон мавҳумлигича қолмоқда.
XS
SM
MD
LG