Линклар

Андижон матбуоти ва у ҳақда андижонликлар фикри


Турғунбек Расмий маълумотларга кўра, Андижон вилоятида 40 та газета ва битта журнал чоп этилади, 3 та телевидение ва битта радио фаолият кўрсатади. Вилоят аҳли вакиллари “Озодлик” мухбири билан суҳбатда вилоят матбуоти ҳақида баъзи фикрларни билдирди.

“Бизнинг маҳаллада 3,5 мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Лекин маҳаллада ҳеч ким газета ўқимайди. Бунинг сабаби газеталарда кишилар қизиқадиган мақолалар йўқлигидадир”, - дейди фуқаролар бири.

Марҳамат туманилик суҳбатдошнинг айтишича, вилоятда чиқадиган газеталарни ҳеч ким сотиб олмайди. Чунки газеталарда одамларнинг дарди акс этмайди. Уларда фақат “чигит экилди”, “ғўза ягона қилинди”, “буғдой топшириш режаси бажарилди” каби гаплар ёзилади.

Андижон туманидаги 21-мактаб ўқитувчисининг сўзларига қараганда, ушбу мактабда 1200 ўқувчи таълим олади. Лекин ўқувчиларда газета ўқишга қизиқиш йўқ.

“Андижоннома” газетасини ўқий, деб қўлга олиб варақласам сиёсий тизим ва парламент тўғрисида ёзибди. Бир палатали парламент менга тухумчалик фойда келтиргандимики, энди икки палатали парламент нима фойда берарди. Бир палатали парламент менга нима ёрдам бергани ҳақида мухбир укамиз раҳбарлардан сўраса бўларди”, дейди суҳбатдош.

“Андижоннома” газетаси вилоят ҳокимлигининг нашри ҳисобланади. Мазкур газета ҳокимликнинг яна бир нашри “Андижанская правда” билан биргаликда ўтган асрнинг 90-йиллари бошларида ҳар куни 70 минг нусхада чоп этилар эди. Ҳозир эса улар ҳафтасига икки марта - 3,5 минг нусхадан нашр қилинади.
XS
SM
MD
LG