Линклар

Шерзод Қудратхўжаев Вадим Лягановнинг ёзганларини инкор қилди


Шайбон Куни-кеча Сўз ва фикр эркинлиги қўмитасининг “Арена” сайтида журналист Вадим Лягановнинг “Ўзбекистон ҳукумати журналистлар тўғрисида маълумот йиғмоқда” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди.

Мақолада айтилишича, жорий йилнинг 30 июль куни Тошкентда содир бўлган портлашлардан сўнг Ўзбекистон ҳукумати турли соҳалар вакиллари, хусусан, оммавий ахборот воситалари ходимлари тўғрисида маълумот йиға бошлаган. Мақоладан иқтибос келтирамиз:

“Расмий доираларга яқин манбанинг маълум қилишича, маҳаллий ОАВ раҳбарларига ижодий жамоа вакиллари тўғрисида маълумотнома топшириш юклатилган. Маълумотномада ходимнинг ватанпарварлиги, Ватанга садоқати, динга муносабати, мухолифат ва террорчилик гуруҳлари билан эҳтимолий алоқаси, шунингдек, профессионал маҳорати, маълумоти ва таржимаи ҳоли ҳақидаги ахборотлар ўз аксини топиши керак”.

Бундан ташқари, мақолада ёзилишича, журналистларнинг яқинлари, бола-чақаси ҳамда ота-онаси ҳақида ҳам маълумотлар тақдим этилиши кўрсатилган. Муаллифнинг номаълум манбага таяниб таъкидлашича, маълумот йиғиш ҳақидаги кўрсатма Ўзбекистон Президенти девони масъуллари томонидан берилган. Маълумотларни ўрганиш эса Миллий хавфсизлик хизмати зиммасига юклатилган.

Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати ходими Шерзод Қудратхўжаев айни мақола юзасидан фикр билдирди. Унинг айтишича, мақолада тилга олинган мулоҳазалар Президент девони маъмуриятини ҳам таажжубга солган. Зеро, буларнинг барча бўҳтон, ҳақиқатдан йироқ. Муаллиф мақолани ўз номи билан эмас, тахаллус остида эълон қилгани ҳам маълумотлар асосга эга эмаслигидан далолат беради.

Ш.Қудратхўжаевнинг қўшимча қилишича, ҳар йили Мустақиллик байрами олдидан таҳририятнинг баъзи ходимлари ҳақида тавсиянома бериш сўралиб турилади. Лекин бу таклиф байрам арафасида журналистларни тақдирлаш, уларга Президент томонидан ажратилган махсус совғаларни топшириш мақсадида бўлади. Бу таклифни кўрсатма билан адаштириш мантиқан нотўғридир.

В.Лягановнинг мақоласида, хусусан, “Правда востока” газетасида ишловчи, маълум сабабларга кўра ўз исмини ошкор этмаган ходимнинг журналистлар устидан маълумот йиғилаётгани ҳақидаги сўзлари келтирилади.

Мазкур газета бош муҳаррири Бахтиёр Ҳасанов ўзи раҳбарлик қилаётган нашрда ишловчи ходимлар ҳақида маълумот йиғилганини тасдиқлади.

- Аммо, - деди у, - бизнинг кадрлар бўлимимиздаги ҳужжатлар анча эскириб қолган эди. Шунинг учун биз ҳар бир ходим тўғрисидаги маълумотларни янгилаб чиқдик. Мен буни махсус равишда маълумот йиғиш, фавқулодда олиб борилаётган иш, деб айта олмайман.
XS
SM
MD
LG