Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:54

Марказий газеталар шарҳи


Дилнаво “Туркистон” газетасининг 18 август сонида Бобошер Тожиевнинг “Бахт бўлади” нима дегани ёхуд она тилимизни қачон ўрганамиз?” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Унда муаллиф давлат тили мақоми берилгандан кейин ўзбек тилидаги ўзгаришлар ҳақида тўхталиб, қуйидагича ёзади: “Сўнгги йилларда кўнгилочар газеталарга қизиқиш кучайди… Вилоятларда нашр этилаётган ушбу газеталарни ўқиганингизда грамматик ва мазмун жиҳатдан хатолар кўзга ташланади. Масалан, тиниш белгиларида (нуқта, вергул…). Бир қарашда оддий кўринган ушбу хатолар туфайли баъзан ўқиётган жумлани тушунмайсиз. Ёки бўлмаса, ушбу газеталарда ўқувчининг ғашига тегувчи, айтайлик, “бўйдоқ сигир” каби тушунарсиз жумлалар учрайди”.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 20 август кунги сонида “Қатағон қурбонлари” рукни остида адабиётшунос олим Наим Каримовнинг “41 – йилнинг совуқ шамоли” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Мақолада муаллиф қатағон даврининг адабий жамоатчиликка яхши таниш бўлмаган қурбонларидан бири, 20-аср бошларида яшаб, қалам тебратган ёзувчи Шокир Сулаймон ҳақида маълумот берган.

Шокир Сулаймоннинг ижодий фаолияти, асосан, 1917 йил феврал инқилоби туфайли Оренбургдан қайтиб келганидан кейин бошланган, - деб ёзади Н.Каримов, - у шу даврда шеър, ҳикоя ва мақолалар ёзган. 20-30 йиллар матбуоти саҳифаларида унинг кўплаб шеър ва ҳикоялари эълон қилинган бўлса-да, уларни бадиий жиҳатдан бақувват, дейиш қийин. Аммо немис олимаси профессор И.Балдауф Сулаймонни ўзбек шеъриятида сочма вазннинг майдонга келиши ва шаклланишига катта ҳисса қўшган шоир деб ҳисоблайдики, муаллифга кўра, бу фикр ҳақиқатга озми-кўпми яқиндир.

1941 йил 27 августда қатағон навбати Шокир Сулаймоннинг ўзига ҳам етиб келди: “Шундай қилиб Шокир Сулаймон 1942 йил 8 августда ўзи билан бирга қамоққа олинган адабиётшунос Сотти Ҳусайн, шоир ва журналист Юнус Латиф ҳамда географ олим Шариф Обидов билан бирга отиб ташланди. Маҳбуснинг мол-мулки, жумладан, Шаҳрисабз кўчасидаги хонадони мусодара этилди. Унинг хотини Зайнаб Мирсалимова Марат ва Пўлат деган икки ўғли ҳамда Нодира ва Мунира деган икки қизи билан бирга Андижонга, қариндошлариникига кўчиб кетишга мажбур бўлди. Шокир Сулаймоннинг Қўқон шаҳрида истиқомат қилаётган Яҳё ва Қодир деган укалари ҳам оила аъзолари билан ғурбатда қолдилар…”.

“Халқ сўзи” газетасининг 21 август сонида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг “Глобаллашув ва миллий қадриятлар” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Унда муаллиф Ўзбекистон ахборот маконига глобаллашув жараёнининг таъсири, унда юзага келган муаммолар ҳақида тўхталиб, жумладан, айрим оммавий ахборот воситалари томонидан текширилмаган маълумотлар тарқатилишини ёзади: “Қонун ҳужжатларида, оммавий ахборот воситалари ўзлари тарқатаётган ахборотнинг ҳаққонийлиги учун ахборот манбаи ва муаллифи билан бирга жавобгардирлар, деб белгилангани бежиз эмас.

Баъзиларга шуни айтсангиз ҳам малол келади. “Сўз эркинлигини буғувчи”, “ҳақиқатни айтишдан қўрқувчи”, “жаҳон андозаларини тушунмовчи”га айланасиз. Уларни қаноти остига оладиганлар ҳам топила қолади.Чет эл агентликлари, турли марказлар, турфа ташкилотлар, инсон ҳуқуқлари муҳофазачилари… ”.
XS
SM
MD
LG