Линклар

“Ижтимоий фикр” газеталар ва партияларга “шапалоқ” тайёрлади


Шайбон Ўтган ҳафтада Ўзбекистон Олий Мажлисида икки палатали парламентга сайлов хусусида йиғилиш ўтказилган эди. Ушбу йиғилишда “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган сўров натижалари ҳам эълон қилинганди.

Мамлакатнинг олти вилояти, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган ушбу сўровда қатнашганларнинг 16 фоизи матбуотни мунтазам кузатиб боришини, 52 фоизи вақти-вақти билан ўқишини, 32 фоизи эса умуман газета варақламаслигини маълум қилган. 35,6 фоиз респондент Ўзбекистон радиостанцияларни муҳим ахборот манбаи сифатида билишини таъкидлаган бўлса, 13,3 фоизи воқеалардан Россия оммавий ахборот воситалари орқали хабар топишини айтган. 2 фоиз респондент “Би-Би-Си” ва “Озодлик” радиоларини мунтазам тинглашини билдирган.

Ўзбекистонда мавжуд партияларнинг бош газеталари бўйича ўтказилган сўровда эса Халқ демократик партияси нашри “Ўзбекистон овози”ни 28 фоиз респондент ўқиб бориши аниқланган. Сўров иштирокчиларининг 6 фоизи “Адолат” социал-демократик партиясининг “Адолат”, “Фидокорлар” миллий демократик партияси нашри “Фидокор”, “Миллий тикланиш” демократик партияси нашри “Миллий тикланиш” газеталарини ўқиб туришини маълум қилган. Ўзбекистон тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Либерал демократик партия нашри бўлмиш “ХХI-аср” газетасини эса 3,5 фоиз респондент мунтазам ўқир экан.

Юқорида номи зикр этилган газеталардан бирида ишловчи журналистлар мазкур сўров натижалари ҳақида қуйидаги фикр билдирди:

“Бизда енгилроқ ҳазм қилинадиган материалларга ишқибозлик кучаймоқда. Зиё ва тафаккурни ўлчаб берадиган, илмий ва маънавий жиҳатдан пухта ёзилган мақолали нашрлар эса кўп ўқувчиларга зерикарли туюлмоқда”.

Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаевнинг фикрича, Ўзбекистонда мажбурий обуна қилинадиган газеталар бор. Шундай нашрлар орасида “Ўзбекистон овози” ҳам мавжуд. Шунинг учун сўровда бу газетани ўқувчилар сони кўп чиққани табиийдир. “Адолат”, “Фидокор” ва “Миллий тикланиш” газеталари муштарийлари сони камлиги эса уларнинг тиражи билан ҳам боғлиқ. Бу газеталар “Ўзбекистон овози”дан бир неча баробар кам нусхада босилади. Масалан, “Миллий тикланиш” газетаси яқин-яқингача ойига бир марта мингтача нусхада чоп этилган.

Олий Мажлиснинг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Акмал Саидов газета ўқимаслик “даҳшат” эканини таъкидлади.

“Тўғри, ҳозир жаҳонда энг асосий ахборот олиш манбалари телевидение, радио ва Интернет. Лекин газета ўқимаслик жуда катта даҳшат. Бу партия ва газеталарга урилган шапалоқ, деб биламан”, - деди А.Саидов.
XS
SM
MD
LG