Линклар

“Мерседес” билан бирга ёнди ўзбеклар

  • Садриддин Ашур

24 август куни кечқурун Москва автомобиль халқа йўлининг ички халқасида Ўзбекистондан келган автобус ичидаги олтита одам билан бирга ёниб кетди. Автобус ичидаги одамларнинг фақат биттасига омон қолди.

Бухоро вилоятининг Ромитан туманидан Россияга мардикорликка борган 45 ёшли Исмат Жамолов ва унинг дўсти Аҳмад тўрт ой давомида Москвада турли хил қурилиш ишларини бажариб юрди. 24 август куни кечқурун улар уйга қайтиш мақсадида халқа йўлда турган, Ўзбекистондан борган “Мерседес” русумли автобусга чиқди. Автобус ҳали йўловчиларга тўлмагани боис яна бир неча кун кутиб туриши лозим эди. Лекин ўша тунда “Мерседес” ёниб кетди.

“Московский комсомолец” газетаси мухбири Альбина Коновалованинг айтишича, йигитлар тунда автобус ичида қўлбола газ аппаратида чой қайнатмоқчи бўлган. Ҳаво совуқ бўлгани сабабли исиниш мақсадида автобусни ҳам ўт олдириб қўйишган. Газ қурилмасидан чиққан учқун натижасида ёнилғи буғи билан тўлган ҳаво ёниб кетган. Гарчи ўт ўчирувчилар саккиз минутда етиб келган бўлса-да, автобус куйиб, кулга айланган. Автобуснинг орқа томони юк билан тўла бўлгани туфайли фақат бир киши – Исмат Жамоловгина қутулишга муваффақ бўлган. Қолганлар эса олов ичида қолиб кетган.

А.Коновалованинг билдиришича, ёнғинда ўзбекистонлик 49 ёшли Жамила Сафарова ва икки ҳайдовчи, И.Жамоловнинг ҳамқишлоғи ва дўсти Аҳмад, исиниш мақсадида автобус ичидан жой сўраб келган бошқирдистонлик 34 ёшли Вячеслав Соловьёв ҳалок бўлган.

Ёнғинда куйган И.Жамолов зудлик билан Склифосовский номидаги шифохонага ётқизилди. Шифохонанинг “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган навбатчиси сўзларига қараганда, И.Жамоловнинг аҳволи ўртача.

“Бизга зарур дори-дармонлар керак. Сизлардан бирор киши келса яхши бўларди”, деди навбатчи.

“Озодлик” мухбири И.Жамоловнинг ўзи билан ҳам телефон орқали гаплашишга муваффақ бўлди. Унинг таъкидлашича, икки қўли ва юзи куйган. Оёғи ва бели лат еган. Чопонни устига ёпиб, автобус эшиги томон ўзини ургани уни ўлимдан асраб қолган. Ҳозир унинг ёнида на паспорти, на пули бор. Тўрт ой мисқоллаб йиққан пули ёнғинда куйиб кетган. Уйда эса тўрт бола отасининг пул олиб келишини кутиб ўтирибди.

Журналист А.Коновалова Москва вилоятида ҳаёт қандай эканини яхши билишини таъкидлайди.

“Бир милиция ходими иммигрант боланинг оғзидан отгани ҳақида мақола ёзган эдим. Мен одамлар нима учун бу ерларга келишини яхши биламан. Улар бу ерда шундай оғир шароитларда яшаб, ишлайдики, юраги бор одам бунга бефарқ қараб туролмайди. Улар худди маҳаллий халқ қатори ишлайди, лекин икки баробар кам иш ҳақи олади. Аммо шунга ҳам рози. Фақат ҳеч ким тегинмаса бас. Улар ишлайверади, ишлайверади…”, - дейди журналист.
XS
SM
MD
LG