Линклар

Темир йўлнинг биринчи навбати фойдаланишга топширилди


Темир йўлнинг биринчи навбати фойдаланишга топширилди Ўзбекистоннинг икки жанубий вилояти – Қашқадарё ва Сурхондарёни тўғридан-тўғри бир-бири билан боғловчи Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон темир йўли қурилиши бошланганига саккиз йилга яқин вақт ўтди. Унинг эндигина биринчи қисми тайёр бўлди.

Мазкур темир йўл Деҳқонобод ва Бойсун тоғлари оралиғидан ўтказилади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, темир йўлнинг фойдаланишга топширилиши мазкур ҳудудлар аҳолиси учун катта қулайликлар яратади. 700 га яқин янги иш ўрни ташкил этилади. Шунингдек, икки вилоятни боғловчи темир йўл масофаси 184 километрга қисқаради. Энг муҳими, Сурхондарё ва Тожикистонга қатновчи поездларнинг Туркманистон ҳудудидан ўтишига эҳтиёж қолмайди.

Янги темир йўл қурилиши дирекцияси ходими Собир Ҳусейновнинг айтишича, мазкур темир йўлнинг умумий узунлиги 223 километр бўлиб, шундан 106 километри Қашқадарё вилояти ҳудудидан ўтади. Темир йўлнинг бутун узунлиги бўйлаб 6 та бекат ва 9 та разъезд барпо этилиши мўлжалланган. Поездларнинг Туркманистон ҳудудини четлаб ўтиши натижасида Ўзбекистон ҳар йили 60-65 миллион доллар миқдорида иқтисодий самара кўриши мумкин.

Маълум бўлишича, Ўзбекистоннинг Таллимаржон ва Туркманистоннинг Болдир станциялари оралиғидаги масофа 194 километрни ташкил этади. Бу йўлнинг барча қисми Туркманистон ҳудудидан ўтади. Сурхондарёга ўтиб-қайтувчи юк ва йўловчи поездлари айнан шу ҳудудда кўплаб муаммоларга дуч келади. Қолаверса, темир йўлнинг бу қисмидан фойдаланганлик учун Ўзбекистон Туркманистонда йилига бир неча миллион доллар бож тўлайди.

С.Ҳусейновнинг таъкидлашича, Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон темир йўлининг фойдаланишга тушириши мана шу харажатлар ва сарсонгарчиликларнинг олдини олади. Мазкур қурилишнинг тугалланиши 2007 йилга мўлжалланган.

20 августда темир йўл қурилишининг биринчи босқичи якунлангани муносабати билан тадбирлар бўлиб ўтди. Тошгузар ва Деҳқонобод оралиғидаги 57 километр масофада барча ишлар бажариб бўлинди ва поездлар қатновига рухсат этилди. Бу ерда иккита бекат ва бошқа бир қанча иншоотлар қад ростлади.

С.Ҳусейновнинг билдиришича, яқин орада Деҳқонободга шаҳарлараро қатновчи поезд қўйилиши режалаштирилган.

Мазкур темир йўл қурилишига 1996 йилда киришилган эди. Қурилишнинг умумий лойиҳа қиймати салкам 307 миллиард сўмни ташкил этади. Шу вақтга қадар 20 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ўзлаштирилди.

Мутахассисларнинг эътирофича, ушбу йўл фойдаланишга топширилгач, транзит қатновда Туркманистон билан боғлиқ муаммоларга чек қўйилади. юк поездларининг Тожикистон, Афғонистон, Ҳиндистон, Покистонга Ўзбекистон орқали транзит ўтишига имконият яратилади. Ўзбекистоннинг денгизга чиқиши билан боғлиқ масалаларда енгиллик туғилади.
XS
SM
MD
LG