Линклар

logo-print

Телевидение фаолияти тўхтатилди


Феруза Хабарларга қараганда, Жиззах вилоятида ўз кўрсатувларини намойиш этадиган “Бахтиёр-Шаҳбоз” мустақил телевидениесининг фаолияти тўхтатиб қўйилган. Бу телевидениега 1992 йилда асос солинган эди.

“Бахтиёр-Шаҳбоз” телевидениеси бош муҳаррири Бекбўлат Тоғаевнинг маълум қилишича, ҳар йили оммавий ахборот воситалари рўйхатдан ўтиш учун идоралараро комиссияга ариза беради. “Бахтиёр-Шаҳбоз” ҳам 5 июль куни барча ҳужжатларни тақдим этган. Комиссиянинг 5 августда бўлиб ўтган йиғилишида телевидениенинг аризаси рад этилган. Йиғилиш баёнида “қайта рўйхатдан ўтиш учун тақдим этилган ҳужжатлар тўплами қонун талабларига мос келмаслиги сабабли аризаси рад этилиб, лицензияси чақириб олинсин”, дейилган. Лекин комиссия аъзолари ҳужжатларни қабул қилиб олаётганда бирор эътироз билдирмаган эди.

Б.Тоғаевнинг айтишича, телевидение ҳар куни 15 минутлик янгиликлар бериб борган, турли муаллифлик кўрсатувлари тайёрланган. Кўрсатувларда Жиззах шаҳрида мавжуд муаммолар кўтарилган. Лекин телевидение фаолиятининг тўхтатилиши танқидий чиқишлар билан боғлиқ эмас.

Жиззахлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроевнинг таъкидлашича, “Бахтиёр-Шаҳбоз” Жиззах вилояти бўйича Россия телеканалларини тўғридан-тўғри намойиш этадиган ягона телевидение эди.

Б.Ҳамроев мазкур телевидениенинг ёпилиши сайловолди ўйинлари билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

“Бахтиёр-Шаҳбоз” мустақил телевидениеси орқали “Интерньюс” халқаро ташкилоти ҳамда “Америка овози” теледастурлари муттасил намойиш этиб борилган. “Бахтиёр-Шаҳбоз”нинг ходимлари телевидение фаолияти тўхтатилиши сабаблари ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга эмаслигини билдирмоқда. Улар барча ҳужжатлари рисоладагидек бўлган мазкур телевидение фаолияти тўхтатилишини ғайриоддий ҳол сифатида баҳолаётир.
XS
SM
MD
LG