Линклар

Дасрлик қиммат, ўқиш бошланишига эса … кун қолди


Дилнаво Янги ўқув йили бошланишига ҳам саноқли кунлар қолди. Айни кунларда Тошкент шаҳрининг барча туманларида ташкил этилган мактаб бозорларида савдо-сотиқ авжида.

Ўзбекистон мустақилликка эришиб, кирилл ёзувидан лотин алифбосига ўтилиши умумтаълим мактаблари учун зарур бўлган дарсликларни янгилаш эҳтиёжини туғдирди. Шу сабабли дарсликлар масаласида баъзи муаммолар мавжуд. Бундан ташқари, фарзандлари учун китоблардан тортиб, турли ўқув қуроллари, мактаб кийими ва сумкагача сотиб олиши лозим бўлган ота-оналар нарх-навонинг қимматлигидан шикоят қилаётир.

“Битта мусиқа китоби 2462 сўм сотиляпти. Шунчаям қиммат бўладими? Инглиз тили дарслигини 3,5 мингга олдим. Баъзи китобларни ва дафтарлар сотиб олиш учун 20 минг сўм кетди. Ҳали олишимиз керак бўлган нарсалар кўп. Мактабда ўқийдиган учта фарзандим бор. Ойлигимизга бунча нарсани олиб бўлмайди. Чиқарилаётган китоблар қимматлигига яраша сифатли бўлса ҳам гўрга эди, ҳар йили сотиб олишга тўғри келмасди”, дейди харидорлар бири.

Сотувчиларнинг айтишича, харидорларга зарур бўлган баъзи китоблар етарли равишда савдода чиқарилмаган. Китоб етишмовчилиги ўтган йили ҳам юз берган. Масалан, бу йил 5,6,7-синфларнинг “География” ва “Тарих” китоблари етишмаётир.

Рус тилида таълим бериладиган мактаблар учун дарсликлар борасида ҳам муаммолар бор, дейди харидорлар бири.

“Бизда энг асосийси “Ўзбек тили” дарслиги бўлишига қарамай, негадир бу китоб ҳеч қаерда йўқ. На ўтган йили, на бу йил топа олдик. Ахир рус мактабларида ўзбек тили дарси асосий фан сифатида ўқитилади-ку! Нима бўлганда ҳам барча дарсликларни мактабнинг ўзи берса яхши бўлар эди. Ҳозиргина сотиб олган 5-6 китоб учун 9 минг сўм тўладим. Қолганларини олсам қанча пул кетишини тасаввур қилишга ҳам чўчияпман”, деди у.

Бу йил чиқарилган дарсликларнинг мазмуни кейинги йилга тўғри келмаётгани, ўқитувчилар янги чиққан китобни олиб келишни талаб этаётгани ҳам харидорларни анча хуноб қилаётир. “Озодлик” мухбири айни масалада Халқ таълими вазирлигига мурожаат қилди.

Вазирликнинг дарсликлар ва ўқув ҳужжатлари бўлими бошлиғи Маҳмуда Турсунованинг сўзларига қараганда, дарсликлардаги мавзулар бутунлай ўзгариб кетмайди. Йилдан-йилга такомиллашиб бораётгани сабабли дарсликларга маълум ўзгаришлар киритилади. Ота-оналарга енгиллик туғдириш мақсадида ўтган йили дарсликларни ижарага бериш тизими йўлга қўйилган. Ўқувчи китобдан бир йил давомида фойдалангани учун унинг 25 фоиз қийматини тўлайди.
XS
SM
MD
LG