Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 04:46

Аҳмаджон Одиловнинг жазо муддати узайтирилди


Зикрилло Ишонч Хабарларга қараганда, 1992 йилдан буён Ўзбекистон қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаб келаётган 80 ёшли Аҳмаджон Одилов тўртинчи марта суд қилиниб, жазо муддати яна уч йилга узайтирилган.

Маҳкумнинг яқинлари сўзларига қараганда, А.Одилов собиқ иттифоқ даврида Москвада тергов қилиниб, саккиз йил давомида ҳибсда сақланган. Кейинчилик у жазо муддатлари Ўзбекистон қамоқхоналарида ўтаган. А.Одилов жорий йилнинг 4 июль куни озодликка чиқарилиши керак эди.

“Укаларим Қаршидаги қамоқхонага борди. Учрашувга рухсат берилган экан. Қамоқ муддати уч йилга чўзилганини ўша ерда билишибди. Ҳукмни сўраганларида беришмабди. Судда ҳам яқинлардан ҳеч ким бўлмаган. Йигирма йилдан ошди, отам қамоқда ўтирибди. Саккиз йил Москвада ўтирди. Мустақилликдан сўнг 1991 йилда Президент комиссия туздириб, Ўзбекистонга қайтариб олиб келди. Бу ерда суд қилиниб, суд залидан озод қилинди. Орадан бир йил ўтар-ўтмас яна ҳар хил туҳмат бўлиб қамалди. Биринчи марта уч йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Ўшандан буён қамоқхонада суд қилиниб, кетма-кет янги муддат қўшиб бериляпти”, дейди А.Одиловнинг қизи Матлуба Одилова.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубов А.Одилов ишидан яхши хабардор. Унинг таъкидлашича, А.Одилов сиёсий партия тузишга ҳаракат қилгани учун Ислом Каримовнинг кўрсатмаси билан қамалган. Жамият А.Одилов каби сиёсий маҳбусларнинг озодликка чиқарилишини талаб қилишда давом этади.

“Демократик ташаббус” маркази раҳбари Искандар Худойберганов А.Одилов қамоқхона тартибини бузганлик, безорилик қилгани айби билан 13 йилдан буён ҳибсда (Ўзбекистонда) сақланиб келинаётганини билдирди. Унинг айтишича, қамоқ муддатини чўзиш бўйича барча судлар маҳкумнинг жазони ўтаб бўлишидан олдин ўтказилмоқда. Шундан кўриниб турибдики, ҳукумат А.Одиловни қамоқдан чиқармоқчи эмас.

Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш бош бошқармаси вакили Абдукарим Шодиев “Озодлик” мухбирига А.Одиловнинг жазо муддати узайтирилгани ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини билдирди.

М.Одилованинг маълум қилишича, 1984 йилдан буён қамоқда ётган отаси ҳозир жуда кексайиб, кўзлари кўрмай қолган.

А.Одилов шўролар даврида Намангандаги “Ғурумсарой” аграр комплекси директори лавозимида ишлаган ва ўз вақтида жуда катта нуфузга эга бўлган.
XS
SM
MD
LG