Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:37

Ислом Каримов: “Европа давлатлари “Ҳизб ут-таҳрир” масаласини ҳал қилса яхши бўлар эди


26 август куни Тошкентда иккинчи чақириқ Ўзбекистон Олий Мажлисининг 15-сессияси ўз ишини бошлади. Сессия йиғилиши оралиғидаги танаффусда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов маҳаллий ва хорижий журналистлар учун матбуот анжумани ўтказди.

Сессия кун тартибига 16 та масала киритилган эди. Сессия йиғилиши чоғида бу масалаларнинг иккитаси, яъни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – Омбудсманнинг ҳамда Олий Мажлис ва унинг раҳбариятининг 2000-2004 йиллардаги фаолияти тўғрисидаги масалалар кун тартибидан чиқарилди. Бу масалалар кейинги сессияда муҳокама қилинадиган бўлди.

Ҳамкорлик ва икки томонлама манфаатдорлик

Матбуот анжуманида журналистлар Ислом Каримовга Ўзбекистоннинг Россия билан стратегик шериклиги тўғрисида савол берди. Бу саволга жавоб қайтарар экан, Президент икки мамлакат ўртасида бир неча юз йиллик иқтисодий ва маданий ҳамкорлик борлигига урғу берди. Унинг айтишича, Чор Россияси ва собиқ иттифоқ даврида Ўзбекистонга фақат хомашё базаси сифатида қараб келинган. Шўролар замонида халқ истеъмоли молларининг 80 фоизи бошқа республикалардан, хусусан, Россиядан келтирилган.

“Биз янги шароитларда ривожланишга ҳаракат қиляпмиз. Ўзбекистонга нисбатан илгариги муносабат энди бизга тўғри келмайди. Ўзбекистонни, энг аввало, ўз халқи манфаатларини ўйлаётган тенг ҳуқуқли ҳамкор сифатида кўриш керак. Биз мамлакатнинг илгаригидек хомашё базаси сифатида қолишини истамаймиз. Ҳар қандай ҳамкорлик икки томонлама манфаатдорлик нуқтаи назаридан бўлиши лозим”, деди И.Каримов.

“Ҳизб ут-таҳрир” ва қўзичоқ

Матбуот анжуманида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқининг экстремизмга қарши курашдаги ҳамкорлиги тўғрисида савол берилди.

Ислом Каримовнинг таъкидлашича, 11 сентябрь воқеаларига қадар Европанинг бир қанча давлатлари Афғонистонни Марказий Осиёнинг муаммоси деб билган. Ҳозир ҳам мазкур қитъанинг баъзи мамлакатлари терроризм раҳнамоларига жой бермоқда.

“Мисол учун Лондонни олайлик. Бу ерда “Ҳизб ут-таҳрир” қароргоҳи бор. Ҳизбчилар у ерда бемалол фаолият юргизади, пул йиғади, адвокатлар ёллайди, ўқитади... Газеталарга мақолалар беради. Гўёки “Ҳизб ут-таҳрир” оддий, ҳеч кимга зарари тегмайдиган қўзичоқдек. Нега унда “Ҳизб ут-таҳрир” Германияда тақиқланган? Европа Иттифоқи давлатлари бир жойда тўпланиб, бу борада бир хулосага келса яхши бўлар эди”, деди Ўзбекистон раҳбари.

Марказий Осиёда виза муаммоси

Марказий Осиё ҳамкорлиги ташкилоти тузилгани минтақа аҳолиси қалбига илиқлик олиб кирган эди. Лекин халқларнинг борди-келдисига ҳунузгача тўсқин бўлаётган виза тартибини енгиллаштириш ёки бекор қилиш бўйича бирор чоралар кўриляптими?

“Озодлик” мухбирининг ушбу саволига Ислом Каримов қуйидача жавоб берди:

“Бу савол жиддий ва ўринли. Раҳбарлар (Марказий Осиё давлатлари етакчилари) кўп-кўп учрашади, бир-бири билан ачомлашиб, бир-бирининг оғзидан ўпади. Бу каби тадбирлар одамларни қувонтириши мумкин, аммо вақти келганда жонига тегади. Бу учрашувлар менга, оиламга фойда келтиряптими, деган саволлар пайдо бўлгач, жонига тегиши табиий ҳол. Минг афсуски, бу масалалар бўйича биз ваъдалар берамиз, баландпарвоз гапларни гапирамиз, ҳужжатларга имзо чекишга ҳам тайёрмиз. Лекин амалда зиммага олинган мажбуриятлар бажарилмаётир”.

Президентнинг сўзларига қараганда, террорчиларнинг чегаралардан ўтмаслигини таъминлаш фақат Ўзбекистоннинг вазифаси эмас. Балки Марказий Осиёнинг барча давлатлари бу муаммога жиддий эътибор қаратиши керак. Хусусан, диний экстремистлар халифалик тузмоқчи бўлган Фарғона водийсида нафақат Ўзбекистоннинг, балки Қирғизистон ва Тожикистоннинг ҳам вилоятлари жойлашган. Экстремистлар водийнинг фақат Ўзбекистонга тегишли қисмини эмас, балки қўшни мамлакатларга қарашли ҳудудларини ҳам кўзлаётганини назардан қочирмаслик керак.
XS
SM
MD
LG