Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:58

Ас-Садр тарафдорларига имом Али мақбарасини тарк этишга бўйруқ берди


Арол Пайшанба куни Ироқ шиалари олий руҳонийси Оятулла Али ас-Систоний АҚШ кучлари билан Муқтадо ас-Садр тарафдорлари ўртасида уч ҳафтадан буëн давом этган тўқнашувларни тўхтатиш мақсадида Нажаф шаҳрига борди. Ас-Систоний Нажафга бориши билан шаҳарда 24 соатлик сулҳ эълон қилинди. Шиалар руҳонийси билан Ас-Садр ўртасида бўлиб ўтган музокаралардан кейин Ас-Садр ўз гуруҳларини имом Али мақбараси ва умуман Нажаф шаҳридан олиб чиқишга рози бўлган.

Оятулло Али ас-Систоний билан Ироқ шиалари радикал руҳонийси Муқтадо ас-Садр ўртасида бир неча соат давом этган музокаралардан кейин пайшанба куни тунда тинчлик келишувига эришилган. Мазкур келишувга биноан¸ Ас-Садрга содиқ жанггарилар қуролсизланиб¸ имом Али мақбарасидан чиқиб кетса¸ улар амнистия қилинади. Айни пайтда Ас-Садрга қўйилган айблар бекор қилинади. Маълумки Ас-Садр АҚШнинг Ироқдаги собиқ маъмурияти томонидан қотилликда айбланиб қидирувда бўлган. Шунга қарамай Ироқ Муваққат ҳукумати Ас-Садрнинг сиëсий жараëнларда иштирок этишига рози бўлишга ва АҚШ кучларини Нажафдан олиб чиқиб кетишга мажбур бўлган.

Tинчлик келишуви ва Ас-Садр тарафдорлари:

Тинчлик келишувига эришилганидан кўп ўтмай Муқтадо ас-Садр масжиддаги овоз кучайтиргичлар орқали тарафдорларига қарата¸ қуролларингизни ташлаб мақбарани тарк этинг¸ деб баëнот берди. Айрим жанггарилар буйруққа бўйсуниб¸ шаҳардан чиқиб кетган. Аммо баъзилари қуролларини ҳам олиб чиққан. Ас-Садр тарафдорлари имом Али мақбараси калитларини Оятулло Али ас-Систонийга топширган. Шундан сўнг минглаб шиалар ҳазрати Али мақбарасини зиëрат қилишга мушарраф бўлганлар.

Ас-Систоний воситасида эришилган тинчлик келишувига Ироқ Муваққат ҳукумати муносабати:

Кўринишидан¸ Ироқ ҳукумати тинчлик келишувига эришилганига ижобий ëндашишга мажбур. Чунки ҳукуматнинг ўзи Ас-Садр билан музокаралар ўтказишга ҳаракат қилиб¸ Нажафга вакилларини ҳам юборди. Бироқ¸ Ас-Садр ҳукумат вакилларини қабул қилмади. Ас-Систоний воситачилигида эришилган тинчлик келишуви хусусида фикр билдирган Муваққат ҳукумат Бош вазири Ийяд Алавий уни қўллаб-қуватлашини билдирди.

Тинчлик келишуви ва Ироқнинг бошқа шаҳарларидаги вазият:

Тинчлик келишувига эришилган жума куни Ироқнинг Мосул ва Бағдод шаҳридан ташқари бошқа шаҳарларида тўқнашув ва портлашлар юз бермади. Мамлакат шимолидаги Мосулда миналаштирилган машина портлатилгани оқибатида бир АҚШ аскари ва 10 нафар ироқлик жароҳатланди. Пойтахт Бағдодда жанггариларнинг АҚШ қуролли патрулига қилган ҳужумлари натижасида 12 америка аскари яраланди.
XS
SM
MD
LG