Линклар

Ўқитувчилар мустақил касаба уюшма тузмоқчи


Тўлӄин Хабарларга қараганда, Андижонда ўқитувчиларнинг мустақил касаба уюшмасини тузиш бўйича ташаббус гуруҳи иш бошлаган. Ушбу гуруҳ дастлабки тўсиқларга дуч келмоқда.

Ташаббус гуруҳи раиси, Андижон туманидаги 21-мактаб ўқитувчиси Исроил Холдоровнинг сўзларига қараганда, вилоятлардаги барча туманлардан бир нафардан вакил ташаббус гуруҳига аъзо бўлган. Гуруҳ мурожаатномаси бошқа вилоятлардаги ўқитувчиларга ҳам тарқатила бошланган.

И.Холдоровнинг айтишича, ҳозирги мавжуд касаба уюшма ўқитувчиларни итоатда ушлаб турадиган, уларга иш берувчи ташкилот – таълим муассасаларининг ёрдамчисига айланиб қолган. Шунинг учун мустақил касаба уюшма тузишга қарор қилинган.

Ташаббус гуруҳи мурожаатномасида ўқитувчилар жамиятдаги энг қашшоқ қатламга айланиб қолгани, ҳукумат олдига саккизта талаб билан чиқиш лозимлиги таъкидланади. Муаллимлар учун табиий газ, электр энергияси, жамоат транспорти тўловлари ва ер солиқларини бекор қилиш, касаллик варақасига юз фоиз ҳақ тўланиши, ўқитувчи оналарга 60 минг сўм нафақа берилиши, бир ставкалик иш ҳақини 60 доллар эквивалентида белгилаш каби талаблар шулар жумласидандир.

“Олдимизга қўйган вазифалардан бири ўқитувчиларнинг 90-йиллардаги мавқеини тиклаш ҳисобланади. Биз янги нарса талаб қилаётганимиз йўқ. Мустақил бўлганимиздан буён муаллимларнинг имтиёзлари аста-секин тортиб олинди. Биз ана шу имтиёзларни тиклашга уриняпмиз. Ҳозир ўқитувчи 30-35 минг сўм маош олади. Агар ўқитувчи 60 минг сўм ойлик олса, халқаро қашшоқлик меъёрига эришади. Биз ҳеч бўлмаганда, шу меъёрга чиқиб олмоқчимиз”, деди И.Холдоров.

И.Холдоровнинг таъкидлашича, у мурожаатномани тарқатишга шунчалик тўсиқларга дуч келинишини ўйламаган эди. Масалан, 23 август куни матбуот ходимлари вилоят ҳокимлигига чақирилиб, уларга бу ташаббус кераксизлиги ҳақида материаллар ёзиш топширилган.

Ташаббус гуруҳи аъзоси, Марҳамат туманидаги 13-мактаб ўқитувчиси Мусажон Бобожоновнинг билдиришича, у тарқатган мурожаатномани ўқиган кишилар сўроққа тутилган. 24 август куни кечқурун унинг ўзи ҳам туман ички ишлар бўлимига олиб кетилган. Бўлимда туман прокурори Бахтиёр Йўлчиев ва ИИБ бошлиғи Қобил Мадумаров ундан мурожаатнома бўйича тушунтириш хати ёзиб беришни сўраган.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти аъзоси Дилмурод Муҳиддиновнинг фикрича, мустақил касаба уюшмаси тузишга киришилгани ҳам демократия сари қўйилган бир қадамдир. Зеро, ўқитувчилар ўз ҳақ-ҳуқуқини тушуна бошлагандан сўнг қонуний йўллар билан ўз манфаатларини ҳимоя қилишга киришган. Бу йўлда ҳукумат томонидан қаршилик бўлиши эса табиийдир.
XS
SM
MD
LG