Линклар

Алисон Гилл суд адолатсиз ўтганини айтди

  • Барно Анвар

Куни-кеча Ўзбекистон Олий судида мамлакатда март-апрель ойларида содир этилган портлашларга алоқадорликда айбланган 15 шахс устидан ҳукм ўқилди. “Озодлик” мухбири 10 кун давом этган ушбу суд жараёни юзасидан кузатувчиларнинг фикрини ўрганди.

Бу ҳақда гапиришдан олдиноқ эътироф этиш жоизки, “Озодлик” мухбири мурожаат қилган кузатувчиларнинг аксарияти суд ҳукми юзасидан бирор тўхтамга келмагани ёки бу ҳақда муносабат билдиргиси йўқлигини айтди. Жумладан, Америка юристлар уюшмаси вакили Антон Бараш суд жараёнларига оид кузатишларини ва маълумотларни тўлиқ таҳлил қилишга улгурмагани, шу боис интервью бермаслигини маълум қилди.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Васила Иноятованинг таъкидлашича, унинг ташкилоти суд жараёнига қатнаша олмаган. Ташкилот вакиллари судда иштирок этиш истаги билан бир неча марта Олий судга мурожаат этган, бироқ бу мурожаатлар инобатга олинмаган. В.Иноятованинг ўзи бу ҳақда Президент номига мактуб ҳам йўллаган. Президент девонидан мактубга ижобий жавоб олинган бўлса-да, ташкилот вакиллари барибир судга қўйилмаган.

В.Иноятованинг айтишича, “Эзгулик” томонидан тўпланган ҳужжатлардаги фактлар суд ҳукмида келтирилган даъволарга мутлақо зиддир.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилоти вакили тергов ва суд жараёнида мунтазам иштирок этган. Ушбу ташкилот раҳбари Михаил Ардзинов тергов қонуний олиб борилганини таъкидлаб, судланувчиларга нисбатан ўлим жазоси қўлланилмагани хусусида бундай деди:

“Бу ўринда, менимча, учта муҳим жиҳат инобатга олинган. Биринчидан, судланувчиларнинг ҳаммаси ўз айбига иқрор бўлган. Иккинчидан, кўпдан буён халқаро ташкилотлар ва жамоатчилик Ўзбекистон ҳукуматидан ўлим жазоси бекор қилинишини сўраб келмоқда. Дастлаб ўлим жазоси Жиноят кодексининг 13 та моддасида бор эди. Ҳозир эса иккита моддада қолди, холос. Учинчидан, 18 йиллик қамоқ жазоси ҳам енгил жазо эмас аслида.)

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Алисон Гилл суд жараёнидаги асосий кузатувчилардан бири бўлди. У суд жараёни хусусида “Вашингтон пост” газетасига берган интервьюсида ўз кузатишларига асосланиб, суд ноҳақ ўтди, деб ҳисоблашини билдирган. Унинг фикрича, судланувчиларнинг айблари бўрттириб кўрсатилган ва судда бу айбловларни тасдиқловчи етарли далиллар келтирилмаган. Шунингдек, адвокатлар судланувчиларни жуда суст ҳимоя қилган, судья эса судланувчиларнинг айбдорлик ҳақидаги иқрорига қандай эришилгани ҳақида умуман сўрамаган. Қолаверса, судда талқин этилаётган воқеалар ривожини кузатиб, унда мантиқ етмаётгандек туюлади.

Эслатиб ўтамиз, Олий суд террорчилик ҳаракатларида айбланган 15 шахсни 6 йилдан 18 йилгача бўлган муддатга озодликдан қилиш ҳақида ҳукм чиқарганди.

Маълумотларга қараганда, Ўзбекистондаги асосий байрамлардан бири бўлмиш Мустақиллик куни тантаналаридан сўнг март-апрель ойларидаги воқеаларга оид суд жараёнлари яна давом эттирилади. Олий суд 30 нафар судланувчи устидан қўзғатилган жиноят ишини кўриб чиқиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG