Линклар

Япониянинг Марказий Осиёга қизиқиши ортмоқда


Ҳакимбек Таҳлилчилар Япониянинг Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон билан алоқалари сўнгги вақтларда кучайиб бораётганини таъкидлаётир. Уларнинг фикрича, Япония ташқи ишлар вазири Йорико Кавагучининг минтақа мамлакатлари ва Мўғулистон бўйлаб тўққиз кунлик сафарга чиққани ҳам бунга бир далилдир.

Й.Кавагучининг узоқ муддатли ушбу сафаридан мақсад ўзи ташриф буюрадиган мамлакатлар билан Япония ўртасидаги алоқаларни янада кучайтириш ва муносабатларни янги поғонага кўтариш экани маълум қилинмоқда.

2002 йилнинг июлида Ўзбекистон Япония билан стратегик шериклик ҳақидаги шартномани имзолаганди. Айни пайтда Ўзбекистонда ушбу мамлакатнинг Халқаро ҳамкорлик агентлиги, Ташқи савдо ташкилоти, ўзбек-япон муносабатларини чуқурлаштиришга хизмат қиладиган марказлари фаолият кўрсатмоқда.

Сиёсатшунос Руслан Романовнинг сўзларига қараганда, Япония бир қанча соҳаларда Ўзбекистонга яқиндан ёрдам бериб келяпти. Бу ёрдамда иқтисодий, маданий, ижтимоий ва тиббиёт соҳалари устивор ҳисобланади. Жумладан, таълим соҳаси ҳам икки давлат муносабатларида катта ўрин тутади. Ҳар кўплаб ўзбекистонликлар ушбу давлатда таълим олади. Япония Ўзбекистон мактаб ва коллежларини техникавий жиҳатдан жиҳозлашга катта кўмак бермоқда. Банк соҳаси ривожида ҳам Япониянинг ёрдами сезиларлидир.

Жамиятшунос Комрон Алиевнинг таъкидлашича, буддавийлик дини Японияга Ўзбекистон ҳудудидан кириб боргани ҳақида археологик қазишмалар вақтида олинган маълумотлар пайдо бўлиши икки мамлакатнинг ўзаро муносабатларини юксалтирган.

Р.Романовнинг айтишича, террорчиликка қарши курашда Ўзбекистон ва Япония иттифоқчи ҳисобланади. Бундан ташқари, Япония Афғонистонни тиклашда Ўзбекистондаги инфратузилмалардан фойдаланиш истагини билдирган ва фойдаланмоқда ҳам.

Марказий Осиёнинг табиий захираларга бойлиги Япониянинг минтақага бўлган қизиқишини кучайтирувчи муҳим омилдир. Яқин вақтлар ичида газ заҳираларига бой Туркманистонда ҳам Япония элчихонаси очилиши режалаштирилган.

Р.Романовнинг билдиришича, минтақа захираларини ўзлаштиришда Япония билан ҳамкорлик Марказий Осиё учун анча фойдалидир. Япония ўзининг техник ресурсларини Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларига таклиф қилиши мумкин ва бундан барча иштирокчи томонлар самара кўради.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда Япониянинг 20 га яқин компанияси ўз ваколатхонасига эга, 10 дан ортиқ қўшма корхонаси фаолият кўрсатади.
XS
SM
MD
LG