Линклар

Хоразмда саратон


Маълумотларга кўра, сўнгги вақтларда Хоразмда турли хил касалликларнинг хавфли ва асоратли турлари билан оғриган беморлар сони кўпайиб бормоқда. Саратон хасталигига чалинганлар ҳам жуда тез кўпаяётгани кузатиляпти.

Вилоят онкология диспансери 100 ўринга мўлжалланган. Маълум бўлишича, бу ерда айни пайтда юздан зиёд бемор даволанмоқда.

Диспансернинг поликлиника бўлими мудири Роза Зарипованинг сўзларига қараганда, аҳоли ўртасида саратон кўпайиб боряпти. Айниқса, аёлларда сут бези саратони кўп учраётир. Шунингдек, ўпка ва ошқозон саратонига чалинган беморлар ҳам жуда кўп. Илгари кўпроқ кекса кишиларда учрайдиган бу хасталик билан сўнгги вақтларда чақалоқлар ҳам оғриётгани кузатиляпти. Бу эса касаллик анча ёшариб бораётганини кўрсатади.

Тиббиёт ходимлари вилоятдаги экологик аҳвол оғирлиги ҳам мазкур хавфли касаллик билан оғриган беморлар сони ошганига сабаб бўлаётганини таъкидлаётир.

Расмий маълумотларга кўра, Янгиариқдаги заҳарли кимёвий моддалар қабристони жойлашган “Оқмачит” ширкат хўжалигида биргина 2002 йилнинг беш ойи мобайнида 20 киши саратондан вафот этган. Улар орасида ўсмирлар ҳам бор.

Р.Зарипованинг айтишича, Қўшкўпир ва Гурлан туманлари аҳли орасида қизилўнгач саратони, Хева туманида сут бези, янгибозорликларда лимфа тугунлари саратони кўп учрайди. Бироқ баъзи беморлар ўз вақтида шифокорга мурожаат қилмай, ўзича даволанишни маъқул кўради. Улар сийдик, керосин ичиб ёки илон гўшти еб даволанишга уринади.
XS
SM
MD
LG