Линклар

logo-print

Сора Эшонтўраева СССР халқ артистими ёки Халқ артисти?


Зикрилло Ишонч Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 13 йиллиги муносабати билан мамлакат Президенти Ислом Каримов фармонига биноан марҳум илм-фан, адабиёт ва санъат арбобларидан бир нечаси олий мукофотлар билан тақдирланди.

Мукофотланганлар орасида шоир Ҳамид Олимжон, артистлар Наби Раҳимов, Сора Эшонтўраева, артист ва бастакор Муҳаммаджон Мирзаев бор.

Ушбу марҳум санъаткорлар орасида шўролар даврида катта мукофот ва унвонларга сазовор бўлганлар бор. Масалан, Сора Эшонтўраева СССР халқ артисти унвонига эга эди.

Кузатувчиларнинг фикрича, марҳум арбоблар мустақилликдан сўнг шўролар даврида қўлга киритган унвон ва мукофотларидан маҳрум этилган. Бу унвон ва мукофотлар ҳақида Ўзбекистон матбуотида ҳам, адабиётларда ҳам тилга олинмайди.

“Ўзбекистон Миллий энцеклопедияси” таҳририяти ходими Султон Холназаровнинг сўзларига қараганда, шўролар даврида турли мукофотларга сазовор бўлган марҳум санъаткор, олим ва шоиру ёзувчиларнинг умуминсоният, хусусан, Ўзбекистон маданиятига қўшган ҳиссасини яна бир бор эътироф этиш мақсадида улар тақдирланмоқда.

Адабиётшунос олим Наим Каримовнинг айтишича, бу арбобларнинг ижодларидан кўз юммаслик керак. Зеро, улар халққа хизмат қилган. Уларни мустабид тузумга хизмат этганликда айблаш эса бу шахслар хизматига туҳмат қилишдир.

С.Холназаровнинг таъкидлашича, мафкура ҳозирги шароит билангина ҳисоблашиши назарга олинса, шўролар даврида берилган унвон ва мукофотлар моддий ва маънавий жиҳатдан эътиборга молик бўлмай қолди. Масалан, СССР халқ артисти унвони бугунги кунда ҳеч қандай ҳуқуқий мақомга эга эмас. Энцеклопедияда ҳам бу унвон “Халқ артисти” тарзида келтирилган. Шўролар давридаги унвон ва мукофотлар тўғрисида ҳам Миллий энцеклопедияда бирорта сўз айтилмаган.

Н.Каримов шўролар давридаги бу унвон ва мукофотлар тарихий воқеълик сифатида унутилмаслиги тарафдори эканини маълум қилди.

“Бу даврда шахслар қандай унвон ва мукофот олган бўлса, уни айтиш, ёзиш керак. Чунки улар буни ўз меҳнати ва ҳурмати эвазига қўлга киритган”, деди олим.
XS
SM
MD
LG