Линклар

Салор ариғидан четроқ юринг

  • Барно Анвар

Хабарларга қараганда, 2004 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда ҳавонинг ифлосланиш даражаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан анча камайган.

Ўзбекистон гидрометеорология маркази маълумотларига кўра, жорий йилнинг ярмида мамлакатнинг кўплаб вилоятларида, шунингдек, Бухоро, Гулистон, Денов, Сариосиё, Марғилон, Муборак, Китоб, Урганч, Самарқанд ва Янгийўл шаҳарларида ҳавонинг ифлосланиш даражаси санитария-гигиена меъёрларига мос даражага тушган. Шаҳрисабзда ҳаво таркибидаги азот диоксиди, Навоий шаҳрида озон ва фенол моддалари, Фарғонада аммиак, Тошкентда эса фторли водород гази миқдори анча пасайганлиги кузатилган.

Гидрометеорология марказининг табиий муҳит ифлосланиши бўйича мониторинг хизмати вакиласи Наталья Фролованинг “Озодлик” мухбирига маълум қилишича, 20 турдаги зарарли модданинг ҳаво таркибидаги миқдори мамлакат бўйича мунтазам равишда текшириб турилади. Ўзбекистон бўйича энг ифлосланган шаҳарлар Ангрен, Навоий, Нукус ва Тошкентдир. Хусусан, Тошкент шаҳрида азод диоксидининг миқдори доимо юқори. Бунинг асосий сабаби автотранспортдан чиқадиган заҳарли газлардир.

Мутахассислар эътирофича, ҳаво таркибининг ҳаддан ташқари ифлосланиши бора-бора сув таркибига ҳам таъсир кўрсатади. Ҳаводаги зарарли моддалар ёғингарчилик туфайли сув ва тупроққа аралашиб кетади.

Гидрометеорология маркази ва Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мамлакатдаги асосий дарёлар — Амударё, Сирдарё, Сурхондарё, Қашқадарё ва Зарафшон сувидаги ифлосланиш даражасини мунтазам равишда текшириб боради. Сўнгги текширув натижаларидан маълум бўлишича, бу дарёларда сувнинг ифлосланиш даражаси охирги йиллар давомида ўзгаришсиз қолмоқда. Аммо Тошкент яқиндан оқиб ўтувчи Салор ариғининг суви ҳаддан ортиқ ифлосланган. Текширувлар бу ариқ сувида инсон соғлиги учун ўта хавфли бўлган нитритли азот меъёрдагидан 2,5 баробар ортиқлигини кўрсатган.

Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ер-сув ресурсларини назорат қилиш ва оқилона фойдаланиш бўлими раҳбари Саидазим Мирзаевнинг айтишича, Ўзбекистонда 64 турдаги зарарли моддаларнинг сув таркибида бор-йўқлиги назорат қилиб борилади. Сувда, айниқса, оғир металлар ва зарарли органик бирикмалар кўп учрайди. Сувни ифлослантирувчи зарарли моддалар экин майдонлари, саноат иншоотлари ва уларнинг чиқиндилари жойлашган ҳудудларда кўп бўлади.

Мутахассислар фикрича, сувнинг ифлосланиши кўпроқ табиий муҳит булғанишига, ўсимлик ва ҳайвонот оламида турли касалликлар келиб чиқишига сабаб бўлади. Ўз навбатида, бу одам соғлиги учун ҳам хавфлидир.

Н.Фролованинг билдиришича, ҳавонинг ифлосланиши кишиларда нафас йўллари касалликлари, саратон ривожланишига олиб келади.
XS
SM
MD
LG