Линклар

Ўғри бўлсанг, милиция бошлиғининг ўртоғи бўл


Фирдавс Маълумотларга кўра, сўнгги йилларда Қашқадарёда чорва молларини ўғирлаш билан боғлиқ жиноятлар сони ортиб бормоқда. Бироқ бу жиноятларнинг кўп қисми очилмасдан қолаётир.

Жорий йилнинг 28 апрелида Деҳқонобод туманида яшовчи Эшқувват Панжиев, Чоршанби Бойсариев, Рашид Минглиев, Шарофат Сафарова, Абди Қурбонов, Зафар Пиримов ва Комил Эшқобиловга тегишли 120 бош қўй-эчки яйловдан ўғирлаб, аниқроғи чўпонлардан тортиб олиб кетилди. Мол эгаларининг айтишича, ўғрилар ҳам бегона эмас, балки улар танийдиган кишилардир.

Чўпон Ражаб Эргашевнинг сўзларига қараганда, Соат, Шукур, Ҳомид исмли шахслар ва нотаниш икки киши тонг саҳарда келиб, отардаги қўй-эчкилардан 120 тасини танлаб олиб кетган.

Э.Панжиев моли ўғирлангани ҳақида туман ички ишлар бўлими бошлиғига маълум қилгани, лекин у “молингни ўзинг топиб ол”, дея олдидан чиқариб юборганини билдирди. Унинг таъкидлашича, милициядан иш чиқмагач, ўзи молларини қидира бошлайди, топади ҳам. Лекин бу пайтда 120 қўй-эчкидан 100 га яқини сотилиб кетган эди.

“Молларни кимлар олиб кетгани аниқ. Гувоҳлар ҳам етарли. Аммо милициядагилар ишни пайсалга соляпти. Бундан олдин буғдойим ўғирланганди. Кейин қизимнинг 1 миллион 100 минг сўм пули ўғирланди. Ундан кейин 18 қўйим гумдон бўлди. Энди мана 120 бош қўй-эчки йўқ. Тўртта ўғирлик бўйича ҳам милицияга мурожаат қилганман. Жиноят ишлари қўзғатилиб, кейин ёпиб юбориляпти”, дейди Э.Панжиев.

Маълум бўлишича, асосий жабрланувчи бўлган Э.Панжиев Деҳқонобод ИИБ бошлиғи Чори Аннаев ва ўғирликда гумон қилинаётган Соат Тўлаев яқин оғайни экани, шунинг учун терговни туман милицияси олиб боришидан норози эканини билдиргач, терговни вилоят милицияси олиб боради. Терговда С.Тўлаев ва унинг шериклари қўй-эчкиларни олиб кетганини инкор этмайди. “Э.Панжиев билан орамизда олди-бердимиз бор эди, шунинг учун қўйларни бизга ўзи берди”, дейди улар. Бироқ Э.Панжиев буни рад этади.

Орадан кўп ўтмай, 26 июнда Э.Панжиев автоаварияга учрайди. Унинг машинасида бўлган етти кишидан тўрт нафари жиддий тан жароҳати олади. Э.Панжиевнинг ўзи эса бир неча қовурғаси ва сон суяги синиши оқибатида ҳанузгача оёққа тура олгани йўқ. У автоҳалокат душманлари томонидан уюштирилган суиқасд эканини таъкидламоқда.

Маълумотларга қараганда, ўғирлик содир этилганидан буён тўрт ой ўтган бўлса-да, тергов ҳаракатлари ҳали ҳам тугалланмаган. Бу орада терговчилар бир неча марта алмаштирилган.
XS
SM
MD
LG