Линклар

Баъзи айбланувчилар қочиб юрибди


Хабарларга қараганда, март-апрель ойларида Ўзбекистонда содир этилган портлашларга алоқадорликда айбланиб, устидан жиноят иши қўзғатилган айрим фуқароларга қидирув эълон қилинган.

Мазкур портлашлардан кейин Фарғона ва Наманган вилоятларида неча фуқаро ҳибсга олингани ҳақида аниқ расмий маълумотлар йўқ. Аммо инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи нодавлат ташкилотлар маълумотларига кўра, Наманган вилоятида 16 фуқаро ҳибсга олинган бўлиб, улардан тўрт нафари устидан бошланган суд жараёнлари ниҳоясига етган. Улар 5 йилдан 16 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Устидан жиноят иши қўзғатилган баъзи кишилар эса номаълум томонга қочиб кетган.

Чуст шаҳрида истиқомат қилувчи Юнус Аҳмедовнинг сўзларига қараганда, ўғли Даврон Аҳмедов Тошкент давлат техника университетини тугатиб, магистратурада ўқиётган эди. Портлашлардан сўнг унинг устидан Жиноят кодексининг 159-моддаси (конституциявий тузумга тажовуз қилиш) иккинчи қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қидирув эълон қилинган. Айни пайтда Д.Аҳмедовнинг қаердалиги номаълум.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мустақил ташкилоти Фарғона вилояти бўлими аъзоси Аҳмаджон Мадумаровнинг таъкидлашича, вилоятда шу йилнинг ўзида авф этиш фармони бўйича 57 киши озодликка чиқарилган. Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятида портлашлар содир этилгандан сўнг уларнинг 13 нафари қайта ҳибсга олинган.

Куни-кеча Наманган вилояти жиноят ишлари судида судья Тошбоева раислигида қарийб икки ҳафта давом этган суд жараёни ниҳоясига етди. Судланувчилар Тоҳир Жабборов, Одил Саъдуллаев ва Аҳрор Юсупов Жиноят кодексининг 159 ва бошқа бир қанча моддалари бўйича айбланди. Уларнинг ҳар бири 16 йилдан қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Кузатувчилар ва айбланувчиларнинг яқинлари берган маълумотларга кўра, судланувчилар ўз айбига иқрор бўлмаган.

А.Юсуповнинг онаси Юлдузхон Мамажонованинг айтишича, ўғли Тошкент молия институтида таълим олган. Бу йил у Миср Араб Республикасининг тил марказини битираётган эди. Суд ҳукми ўқилаётган пайтда А.Юсупов ўзини тергов чоғида тўрт киши ургани, ҳушидан кетиб йиқилганларини айтган. Лекин суд буни инобатга олмаган.

Мустақил кузатувчи Ойбек Бекматовнинг фикрича, ҳукумат диндорларга нисбатан муносабатини ўзгартириши зарур. Зеро, ҳар бир кишининг ортида унинг яқинлари, маҳалладошлари бор. Агар диндорларга тазйиқ ўтказилаверса, улардаги давлатга қарши кайфият кучайиб боради.
XS
SM
MD
LG