Линклар

Республикачилар Жорж Бушни президентликка номзод қилиб кўрсатадилар

  • Ҳасанжон

Душанба куни Нью Йоркда Республикачилар партиясининг тўрт кунлик қурултойи ўз ишини бошлайди. Унда Жорж Буш Президентликка иккинчи марта сайланиши учун партия номидан расман номзод этиб кўрсатилади. АҚШ ташқи сиёсати ва мамлакат хавфсизлиги қурултой кун тартибидаги асосий масала бўлади. Айни пайтда, қурултой пайтида Бушга қарши намойишлар ҳам бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Республикачилар партиясининг Нью Йоркда ўтадиган қурултойи худди Бостон шаҳрида Демократлар уюштиргани каби пухта ташкиллаштирилган.

Республикачилар қурултойида Президент Жорж Буш ва вице-президент Дик Чейни 2 ноябрда бўладиган сайловларда иккинчи муддатга сайланишлари учун партия номидан расман номзод қилиб кўрсатиладилар.

Республикачилар қурултойида Сенатор Жон Мак Кейн, Нью Йоркнинг собиқ ҳокими Рудолф Жулиани ва Калифорния ҳокими Арнолд Шварцнегер каби партиянинг таниқли аъзолари сўзга чиқади. Қурултой пайшанба куни Жорж Буш нутқ сўзлаганидан кейин тугайди.

Охирги сўров натижаларига кўра, демократлар партияси номзоди Жон Керри Жорж Буш билан деярли тенг рақобатлашмоқда. Сўралганларнинг қарийб ярми Керрини қўллаб-қувватлашини айтган бўлса, яна шунча қисми Буш тарафдори эканликларини айтган.

Ироқ уруши ҳамда террор тахдидига қарши Президент Жорж Буш кўрган жавоб чоралари демократлар ва республикачилар ўртасида бўлишин хосил қилди.

Шу сабабли, дейди Вержиния университетининг сиёсий фанлар бўйича таҳлилчиси Ларри Сабато Озодлик мухбири билан суҳбатда, бу йилги партия қурултойлари катта аҳамиятга эга эмас:

”Президент Буш сайловчиларни қарши ва тарафдорлар тоифасига бўлиб қўйди. Агар сиз Буш тарафдори бўлсангиз унинг Президентликка қайта сайланиши учун овоз берасиз ёки Бушга қарши бўлганларнинг аксари демократлар номзоди учун овоз беради. Шу сабабли қурултойларнинг сайловчиларга таъсири анча камайди. Сайловчиларнинг фақат 5 - 7 фоизигина ким учун овоз беришни билмаётган бўлиши мумкин” - дейди америкалик тахлилчи.

Республикачилар қурултойи пайтида ўтадиган норозилик намойишлари қандай тугаши номаълум. Нью Йорк шаҳар ҳокимияти тахминан 30та намойиш ўтказилишига рухсат берган. Норозилик аксияларида тахминан 250 минг одам қатнашиши ва турли овоз чиқариш мосламалари ҳам ишлатилиши кутилмоқда.

Ларри Сабатога кўра, Буш-Керри ўртасида уч марта бўладиган мунозара қурултойлардан кўра аҳамиятли бўлади. Шунга қарамай, дейди сиёсий таҳлилчи, Бушнинг пайшанба кунги чиқиши оммада яхши тассурот қолдириши керак:

”Буш икки ишнинг уддасидан чиқиши керак. У ҳозиргача қилган ишлари тўғрилигини ишончли тарзда исботлаб, оқлаши керак ва айни пайтда, иккинчи муддатга сайланса, амалга оширажак ишлари режасини баён қилиши керак” - дейди америкалик таҳлилчи.

Америка Энтерпрайз Институти тахлилчиси Дэвид Фрам Озодлик мухбири билан суҳбатда республикачилар партияси қурултойи президент Жорж Бушга ўз маҳорати ва Керрига қарши устунлигини намойиш қилиш учун қулай имконият яратишини айтади.

Фрамга кўра, Нью Йорк америкаликлар учун алоҳида тимсолий маъно англатади ва қурултой ўтказиш учун ҳам ажойиб жой ҳисобланади:

”Нью Йорк ҳар қачонгидан кўра кўпроқ Америка тимсоли бўлиб қолмоқда. Мазкур қурултойни бутун дунё томоша қилади. Менимча норозилик намойиши қатнашчилари ўз билганларича ҳаракат қиладилар. Дунё жамоатчилиги эса, қаранглар, мана бу демократия, дейишади” - дейди америкалик таҳлилчи.

Нью Йорк штати расмийлари урушга қарши гуруҳларнинг шаҳар Марказий Паркида намойиш ўтказишига рухсат бермадилар. Чунки, уларга кўра, намойишчилар Паркдаги кўм-кўк ўтларини пайҳон қилишлари мумкин.

Ташкилотчилар норозилик намойишида 250 минг киши қатнашишини тахмин қилмоқдалар. Уларга кўра, норозилик юриши якшанба куни республикачилар қурултойи ўтадиган жой яқинида бўлиб ўтади. Кейин қатнашчилар намойишни Паркда давом эттириш-эттирмаслик масаласини ўзлари ҳал қиладилар.
XS
SM
MD
LG