Линклар

Истиқлол хотин-қизларга нима берди?


Феруза Ўзбекистон мустақилликка эришганига 13 йил тўлди. Хўш, Ўзбекистон аёлларига истиқлол нима берди? Улар нимага эришдию, нима йўқотди? “Озодлик” мухбири баъзи аёлларга шу каби саволлар билан мурожаат қилди.

“Иқбол” ёшлар маркази директори Нигор Ғаффорованинг сўзларига қараганда, мустақиллик мамлакат халқининг улкан ютуғидир. Масалан, илгари бўлмаган нодавлат ташкилотларининг ташкил этилиши ҳам истиқлол шарофати ҳисобланади. Бундан ташқари ҳам эришилган ютуқлар анчагина. Аммо ўтиш даври сиёсатида йўл қўйилган хато ва камчиликлар ўзбек аёлларини уй-рўзғор оғирлигини ўз зиммасига олишга мажбур этган. Аёллар турмуш ташвишлари билан ўралашиб, фарзандлар тарбиясидан узоқлашган. Улар орасида фоҳишалик билан шуғулланиш ҳамда мардикорликка чиқиш ҳолатлари юзага келган.

Тошкентдаги “Хадичаи Кубро” хотин-қизлар мадрасаси ўқитувчиси Муҳаббат Ваҳобованинг таъкидлашича, мустақиллик, айниқса, муслималар учун кўп имтиёзлар яратган. Аёллар ошкора тарзда диний амалларни бажариш имкониятига эга бўлган.

Турмуш ўртоғи диний айблар билан қамалган Каромат опа эса истиқлол ўзларига зулм келтирганини маълум қилди.

“Ўқимишли, рўзғоримни кўтарадиган эрим қамоқда ўтириб, мен зулм кўряпман мустақиллик шарофати билан. Эртаю кеч тикиш қиламан, урвоғ бўлмайди. (Топганимга) рўзғор қилайми, боламни боқайми, эримнинг олдига борайми? Мустақиллик қийинчилик ва яна қийинчилик олиб келди”, дейди у.

М.Ваҳобованинг фикрича, диний айбловлар билан қамалганлар билиб-билмай сиёсатга аралашгани сабабли шу куйга тушган. Уларнинг баъзилари туҳматга ҳам қолган. Чунки ўрмонга ўт кетса, ҳўлу қуруқ баробар ёнади. Қамалганлар эса биров бир иш таклиф этганида аввалроқ ўйлаб кўриши керак эди.

“Тадбиркор аёл” уюшмаси ижрочи директори Малика Раҳимжонованинг билдиришича, тадбиркорлик соҳасида аёлларга берилаётган имтиёзларнинг барчаси фақат мустақиллик шарофатидандир. Уюшма аъзолари халқаро ташкилотлар ва элчихоналар орқали хорижда тажриба ўрганиб қайтмоқда. Улар янги технологиялар билан танишаётир, ҳамкорлар орттираётир.

Оддий хизматчи Умида Қурбонованинг айтишича, истиқлол шарофати билан аёллар болалари учун пул олмоқда, маҳаллаларда ош бериляпти.

“Маҳалламиз аёлларига ош қилиб берилди. Мустақилликкача мен маҳаллада ош емаганман. Фақат парадга мажбурлаб олиб чиқишарди” дейди у.

У.Қурбонованинг мулоҳазаларига кўра, истиқлолдан сўнг аёллар ҳаётидаги ўзгаришларни нисбий, деб баҳолаш мумкин. Зеро, у аёлларнинг оиладаги мақомига айтарли ўзгариш киритмаган. Аксинча, иқтисодий муаммолар исканжасига қолган хотин-қизларнинг оилавий ташвиши янада кўпайган.
XS
SM
MD
LG