Линклар

Марказий газеталар шарҳи


Дилнаво “Халқ сўзи” газетасининг 24 август кунги сонида Шуҳрат Жабборовнинг “Сайлаш лаҳзалик иш эмас” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Унда журналист парламент сайловида сайловчилар нимага кўпроқ эътибор бериши ҳақида гапириб, жумладан, бундай ёзади: “Ҳузурингизда турган номзод ўз иқтидори ва салоҳиятини Ватан тараққиёти, халқ фаровонлиги ишини яхшилашига сарфлаш учун дилдан ҳаракат қиляптими ёки нима бўлмасин, овоз олиш учун интиляптими? Агар уни сайласак, эртага бизнинг манфаатларимизни қонунчилик органида қанчалик ҳимоя қила олади? Фақат қонун ёзиш малакасини эмас, айни пайтда халқ ҳаётининг икир-чикирларини ҳам яхши биладими? Шу пайтгача қайси ишни қойиллатиб қўйган? Ўз юрти, Ватани, халқи учун синовли паллаларда қандай ҳаракат қилган? Албатта, бу саволлар сайлов қонунчилигида кўрсатилмаган, лекин ҳаёт қонунлари ёзилган қонунлардан кўра кенг ва серқиррадир.”

“Ўзбекистон овози” газетасининг 26 август сонида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА мухбири Ғулом Мирзонинг “Болалар спортига эътибор - келажагимизга эътибор” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Мақолада 25 август куни Оқсаройда Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ҳомийлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида Президент Ислом Каримов сўзлаган нутқдан парча келтирилган. Унда ёзилишича: “2004 йилнинг 25 август ҳолатига кўра 23 та янги ва 19 та реконструкция қилинган спорт иншооти фойдаланишга топширилди… 2004-2009 йилларда мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммилий дастурига мувофиқ янги қуриладиган мактабларда 325 та, қишлоқ жойларда 300 та, капитал реконструкция қилинадиган 2 минг 313 та мактабнинг 1 минг 431 тасида спорт заллари қурилиши режалаштирилган”. Мақолада болалар спорт мажмуалари ва залларини зарур спорт жиҳозлари ва анжомлари билан таъминлаш, Президент таъкидлаганидек, қониқарсиз аҳволда экани айтилади: “Мактабларни спорт жиҳозлари билан таъминлаш даражаси республика бўйича 23 фоиз, қишлоқ мактабларида эса 19 фоизни ташкил қилмоқда. Республика миқёсида жисмоний тарбия фани бўйича педагог кадрлар билан таъминланганлик даражаси 94,3 фоизни ташкил этади. Аммо жисмоний тарбия ўқитувчиларининг 50,5 фоизи олий маълумотли, мингдан ортиқ ўқитувчи эса жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисликка эга эмас.”

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 27 август кунги сонида Жиззах давлат педагогика институти доценти, санъатшунослик фанлари номзоди Нарзулла Тоштемировнинг “Мусиқий таълим: Самара нега суст?” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Муаллиф Ўзбекистонда мусиқий таълимнинг бугунги ҳолати, уни янада ривожлантириш тўғрисида мулоҳаза юритиб, жумладан, бундай ёзади: “Бошқа соҳа мутахассисларини тайёрлашдан кўра мусика таълими ўқитувчисини тайёрлаш учун 2-3 баробар кўп маблағ талаб қилинади. Чунки ўқув жараёнининг 70 фоизи якка тартибда ташкил қилинади. Афсуски, якка тартибдаги машғулотларга менсимаслик назари билан қараш ҳоллари ҳам йўқ эмас. Мусиқа таълими факультетларини битириб чиқаётган мутахассисларнинг нота ўқиш, чолғу ижрочилиги, мусиқий саводхонлик каби фаолиятларининг ҳозирги давр талабига жавоб бера олмаслиги сабабини шундан ахтарсак тўғри бўлади”.
XS
SM
MD
LG