Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:14

Россия Марказий Осиё билан янада яқинроқ бўлди


28 август куни Қозоғистон пойтахти Остонада Марказий Осиё ҳамкорлик ташкилотига (МОҲТ) аъзо мамлакатлар ташқи ишлар вазирларининг учрашуви бўлди. Унда Россия МОҲТга қўшилиши ҳақидаги ҳужжат маъқулланди, шунингдек, “Марказий Осиё плюс Япония” декларацияси қабул қилинди.

Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги муносабатлар сўнгги вақтларда анча кучайди. Икки давлат жорий йилнинг июнь ойида стратегик шериклик ҳақидаги ҳужжатни имзолагани ҳам шундан далолат беради. Бундан бир қанча вақт муқаддам Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Россия раҳбариятининг МОҲТга қўшилиш ҳақидаги қарорини олқишлашини билдирганди. У буни минтақадаги тинчлик ва барқарорликни таъминловчи, шунингдек, Марказий Осиёдаги интеграция жараёнини рағбатлантирувчи қудратли омил сифатида баҳолаганди.

Аммо, шу билан бирга, И.Каримов Олий Мажлиснинг 26 август куни ўтказилган сессияси чоғидаги матбуот анжуманида Ўзбекистон Россия билан фақат тенг ҳуқуқли ва манфаатли ҳамкорлик қилишини таъкидлаганди.

“Биз бугун Россия сиймосида минтақа билан узоқ йиллардан буён иқтисодий, кооператив , маданий алоқада бўлган давлатни кўрамиз. Рус маданиятини, рус тилини билмаган ўзбекни жуда кам топасиз... Афсуски, 3-4 авлоди Ўзбекистонда яшаб келаётган руслар оддийгина “ассалому алайкум” сўзини айта олмайди. Мен бу гапларни нима учун айтяпман? Ўзбекистон манфаатлари ҳар қандай муносабатларда инобатга олиниши керак. Яъни манфаатлар икки томонлама бўлиши лозим. Москва коридорларида мавжуд бўлган баъзи империячилик васвасаси қанчалик тез йўқолса, бизнинг муносабатларимиз шунчалик тез ривожланган ва мустаҳкамланган бўларди”, деган эди Президент.

Ислом Каримовнинг айтишича, Марказий Осиё бугунги кунда анча хавотирли минтақага айланган. Шунинг учун ҳам Россия ўзининг жанубий чегараларида нафақат ҳамкор, балки иттифоқдош топишдан манфаатдор.

Кузатувчиларнинг эътирофича, МОҲТга Россиянинг қўшилиши минтақанинг улкан давлат билан илгари узилиб қолган алоқаларини тиклашга имкон беради. Зеро, собиқ иттифоқнинг иқтисодий тизими бир-бирига узвий боғланган эди. Мазкур тизимнинг парокандаликка учраши эса мустақилликка эришган республикаларнинг ҳамон ўзига кела олмаётганига сабаб бўлмоқда.

Жамиятшунос Комрон Алиевнинг таъкидлашича, АҚШ, Европа Иттифоқи ва Хитой Марказий Осиёга катта қизиқиш билан қарамоқда. Россия бу минтақага ўз таъсир доирасидаги ҳудуд сифатида қарайди.

МОҲТ бундан икки йил олдин ташкил этилган эди. Кузатувчиларнинг айтишича, Қозоғистон ушбу ташкилотнинг ашаддий тарафдори бўлган ва ўзаро ҳамкорлик йўналишларини белгилашга катта таъсир ўтказган.

К.Алиевнинг фаразига кўра, Россия ушбу ташкилотга қўшилиб, минтақага иқтисодий таъсир ўтказишни кучайтириши мумкин.

Остонадаги учрашувда Япония ташқи ишлар вазири Йорико Кавагучи хоним ҳам қатнашди. Унинг ҳамкасблари билан музокаралари “Марказий Осиё+Япония” форматида ўтказилди. Бу эса Япония минтақа билан жиддий қизиқаётганидан далолат беради.

27 август куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида Й.Кавагучининг матбуот котиби Хатсухиса Такасима Япония минтақадаги ҳар бир давлат билан икки томонлама ҳамкорликни давом эттириш ва мустаҳкамлаш, шу билан бирга, алоқаларни Марказий Осиё билан бир бутунликда олиб бориш ниятида эканини маълум қилган эди.
XS
SM
MD
LG