Линклар

Хоразм сувини ичганнинг ичи оғрийди


Маълумотларга кўра, сўнгги вақтларда Хоразмда ичимлик сув муаммоси янада кескинлашган. Сувнинг ичишга яроқлилик даражаси ўта пастлиги сабабли аҳоли ўртасида турли хавфли ва асоратли касалликлар кўпайиши кузатила бошлаган.

Фуқароларнинг айтишича, улар сув сифатсиз бўлса-да, уни истеъмол қилишга мажбур бўлмоқда. Бугунги кунда Хоразмда соғ одам қолмаган. Ҳамманинг танасида ортиқча туз бор. Четдан келган киши бу ернинг сувини ичса, ичи оғрийди.

Табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг Хоразм вилояти бошқармаси сув ресурслари инспекцияси бошлиғи Юрий Мадаминовнинг сўзларига қараганда, вилоятда ичимлик сув сифатсизлиги Амударё сувининг ифлосланиши билан чамбарчас боғлиқ. Ҳозир Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро ва Туркманистоннинг Чоржўй вилоятларидан Амударёга йилига 10 куб километр зах ва оқова сув ташланмоқда. Туямўйин гидропостида ўтказилган текширувлар Амударё сувининг минераллашув даражаси меъёридан анча юқорилигини кўрсатяпти. Агар Амударёга чиқинди сув ташланишининг олди олинмаса, Хоразмдаги аҳвол янада кескинлашади.

Ю.Мадаминовнинг таъкидлашича, баъзи манбалар Амударёга ташланаётган сув “шартли тоза” даражада эканини кўрсатиб, нотўғри маълумот тақдим этмоқда. Аслида бу сувга “ифлос сув” даражаси берилиши керак.

Маълумотларга кўра, ичимлик сувнинг ёмонлиги вилоят аҳли соғлиғига жиддий салбий таъсир этяпти. Сўнгги вақтларда чақалоқлар буйрак ва сийдик йўлларида тош билан туғилаётгани, саратонга чалингани кузатилмоқда. Норасмий манбалар вилоятда оналар ва болалар ўлими кўпайишининг асосий сабабларидан бири урологик касалликлар эканини маълум қиляпти.

Вилоят клиник шифохонасининг урология бўлими бошлиғи Солий Нафасовнинг билдиришича, урологик касалликларга чалинган беморлар сони айнан ичимлик сув сифатсизлиги боис ортиб боряпти. Текширишлар Хоразмдаги сув омбори суви таркибида туз миқдори 22-23 фоиз эканини кўрсатган. Бунинг оқибатида урологик касалликларга чалиниш йилига 3-4 фоиз ошиб боряпти.

“Хоразм оби ҳаёт” корхонасидан олинган маълумотларга қараганда, Германиянинг “КФБ” банки маблағи ҳисобига вилоятдаги 6 қишлоқда сув тозалаш иншоотлари қурилган. Аммо Ю.Мадаминов муаммо бу билан ҳал бўлиб қолмаслигини таъкидлади. Унинг фикрича, бу иншоотлар жойлардаги ичимлик сув билан боғлиқ вазиятни ҳисобга олиб қурилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Вилоят табиятни муҳофаза қилиш бошқармаси маълумотларига кўра, Хоразмда қишлоқ аҳолисининг 60 фоизи, шаҳар аҳолисининг эса 90 фоизи тоза ичимлик сув билан таъминланган. Бироқ сув қувурларининг носозлиги, эскилиги боис сувнинг сифатсизлик даражаси кундан кунга ошиб боряпти.

Ю.Мадаминов вилоятда оқова сувни тозалашда ҳам муаммолар етарлигига эътибор қаратди.

“25 фоиз аҳоли канализация билан таъминланган. Вилоятда 1974 йилда қурилган оқова сув тозалаш иншоотлари эскириб, бугунги кунда ишдан чиққан. Бунинг оқибатида йилига 3 миллион куб метр оқова сув турли ҳавзаларга ташланмоқда. 1992 йилда Вазирлар Маҳкамаси қабул қилган қарорда Амударё сувининг муҳофаза зоналарини белгилаш кўзда тутилганди. Бироқ маблағ йўқлиги сабабли бу иш пайсалга солиняпти. Натижада муҳофаза зоналарида шоли экилиб, турли пестицидлар ишлатиляпти”, деди инспекция бошлиғи.

Кузатувчиларнинг эътирофича, ичимлик сув сифатсизлиги боис вилоятдаги баъзи ёшулли амалдорлар фақат минерал сув истеъмол қилишни маъқул кўрмоқда. Улар ҳатто овқат тайёрлашда ҳам минерал сув ишлатаётган бир пайтда ночор аҳволда яшаётган оддий фуқаролар сифатсиз сув ичавериб, турли касалликлар орттираётир.
XS
SM
MD
LG