Линклар

logo-print

Ўзбекистон журналистлари ва ОАВ фаолиятидаги муҳим воқеалар


Шайбон Ўтган ҳафтада Ўзбекистон Мустақиллигининг 13 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ журналистлар давлат мукофотлари билан тақдирланди. Ўзбекистон Президентининг шу ҳақдаги фармонига мувофиқ қалам аҳлидан айримлари “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвони, “Меҳнат шуҳрати” ва “Дўстлик” орденлари, “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

Сўз ва фикр эркинлиги қўмитасининг “Арена” сайтида тарқатилган маълумотларга қараганда, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг Бухоро вилояти бўлими нашри бўлмиш “Бухоро ёшлари” газетаси икки ойлик танаффусдан сўнг яна ўз фаолиятини давом эттира бошлаган. Таҳририят ходимларининг айтишича, газета бундан буён аввалгидек мунтазам чоп этилади.




Х
Х
Х

Республика маънавият ва маърифат кенгаши нашри ҳисобланадиган “Тафаккур” журнали 10 ёшга тўлди. Ушбу сана муносабати билан журнал бош муҳаррири Эркин Аъзамов “Моҳият” газетасига берган интервьюсида, жумладан, бундай дейди: “Тўғри, журнал тахламларини варақлаганда кўнгилни гоҳ ғурур, қоникиш ҳисси, гоҳо пушаймонлик ҳам чўлғайди. Нималардир хом, маромига етмагандек, нелардир шошмашошарлик билан тайёрланган, эълон қилинган. Начора, айтилган сўз - отилган ўқ ёки қалам билан битилганини болта билан кўчириб бўлмас. Лекин булар — бизнинг умримиз, фаолиятимиз, сахв-хатоларсиз умр умрми?”




Х
Х
Х

Сўз ва фикр эркинлиги қўмитасининг “Арена” сайтида “Ўзбек журналистларига ижобий мақолалар чоп этиш топширилди” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Мақолада таъкидланишича, Мустақиллик байрами муносабати билан барча нашрлар, телевидение ва радиода мамлакат аҳли кўнглини чўктирадиган чиқишлар қилиш ман этилган. Шу кунларда матбуотда эълон қилиниши керак бўлган материаллар эса Президент девони томонидан кўриб чиқилиши шарт этиб белгиланган.

Аммо Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати вакили Шерзод Қудратхўжаев мақолада келтирилган даъволарни рад этди. Унинг айтишича, мақола муаллифи ўзбек матбуотини қора кўзойнак орқали кўришга одатлангани боис шу каби иғволарни тарқатмоқда.
XS
SM
MD
LG