Линклар

Ироӄда фожеа давом этар экан, Францияда ҳижоб таъӄиӄланди


Самандар Шу йилнинг март ойида Франция Парламенти давлатга қарашли мактабларда муслима қизларнинг рўмол ўраб юриши¸ яҳудийларнинг тақя кийиши ва насроний бўлган ўқувчиларнинг хоч тақишини таъқиқлаш ҳақидаги қонунни овозга қўйган эди.

Ўшанда мамлакат аҳолисининг аксарияти ҳамда кўпчилик депутатлар мазкур қонунни қўллаб-қувватлаган. Бу билан улар дин давлат ишларидан ажратилган¸ деган принципга содиқ эканликларини намойиш этган. Зеро¸ бу принцип конституция бўйича кафолатлаган бўлиб, Франция қадриятларининг асосини ташкил этади.

Жорж Туррин бир ярим мингдан ортиқ мусулмон ўқийдиган Марселдаги Сэнт-Экзюпери номидаги мактаб директори. Унинг Озодлик радиосига билдиришича¸ рўмол ўрашни таъқиқловчи янги секуляризм, яъни дунëвий жамият ғояларини қандай қилиб мактаб тизимида қўллаш мумкин¸ деган саволга жавоб бериб бермайди:


“Биринчидан¸ бу қонун Ислом динига қарши ҳужум сифатида қабул қилинди. Бу хатога йўл қўймаслик керак эди. Айни пайтда мазкур қонун кучли қаршиликлар уйғотди. Қонун юзасидан уламолар¸ ота-оналар ва ўқитувчилар орасида якдил позиция йўқ. Бизга қийин бўлади. Сабаби секуляризм масаласи ҳамда бу ғояни қандай қилиб мактабларда тадбиқ этиш масаласида муштарак ëндашув йўқ”¸- дейди Жорж Туррин .



Франция энг кўп мусулмонлар истиқомат қилувчи Европа мамлакати бўлиб¸ у ерда яшайдиган мусулмон жамоаси 5 миллион одамдан ортади. Мамлакатдаги Мусулмон жамоалари вакилларининг кўплари диний рамзларга оид қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлашган ва журналистни гаровга олганларни қоралади. Душанба куни мамлакат бўйлаб намойишга чиққан минглаб одам¸ шу жумладан рўмол ўраган муслима аëллар ҳам франциялик журналистни озод этишни талаб этишди.

Намойишда иштирок этган Франция Мусулмонлари Кенгашининг раҳбари Далил Боубакир душанба куни Ироқдаги қуролли гуруҳни гаровга олган икки журналистни озод этишга чақирди:

“Ироқдаги биродарларимиз бизнинг даҳшатли аҳволда эканлигимизни билиши керак. Биз улардан аҳволимзини тушинишини сўраймиз. Биз улардан илтимосимизни қабул қилиб ¸ иккала журналистни ҳам дарҳол қўйиб юбориши ва уларнинг ўз оила аъзолари бағрига қайтаришни сўраймиз”¸- деди Боубакир.

Унга кўра айрим муслима аëллар рўмол кимнингдир қони эвазига ўраладиган бўлса¸ бизга бундай рўмолнинг кераги йўқ¸ дейишган.



Душанба куни қуролли гуруҳнинг берган муҳлати якунига етди¸аммо улар ўз муҳлатини яна 24 соатга чўзганини маълум қилди. Журналистларни озод этишга қаратилган ҳаракатлар доирасида Франция Ташқи Ишлар вазири Мишел Берньер сешанба куни Иордания Ташқи Ишлар вазири Марван Муашер билан учрашди.

Душанба куни эса¸ Мишел Берньер Қоҳирада қилган чиқишида Франция Парламенти диний рамзларга оид қонунини ҳимоя қилди:

“Бизнинг конституция ва қонунларимиз мамлакатимизда яшайдиган ҳар бир фуқаронинг виждон эркинлигини кафолатлайди. Францияда яшайдиган 5 миллион мусулмон жамоаси ҳам¸ бошқалар каби бу ҳуқуларга эга. Франция ҳукумати бундан ғурурланади”¸ деди Франция Ташқи Ишлар вазири Мишел Берньер.

Франциялик журналистларни гаровга олган гуруҳнинг Франция ҳукуматига қўйган талабини бажаришга берган 24 соатлик мудати ўтиб бораëтган бир вазиятда¸Париж ҳамма имконларни ишга солмоқда.
XS
SM
MD
LG