Линклар

Европа Комиссияси Украинани Дунай дельтасида канал қурилиши лойиҳасини тўхтатишга чақирмоқда

  • Ҳасанжон

Ўтган ҳафта Украина Дунай дарёси дельтасида қурилган “Бистрое” номли каналнинг биринчи қисмини ишга туширди. Бир қатор давлатлар ва ташкилотлар бу лойиҳага жиддий қаршилик билдирмоқда. Хусусае Европа Комиссия канал қуришни давом эттиришдан олдин мустақил экспертлар унинг атроф-муҳитга таъсирини ўрганиб чиқиш кераклигини баён қилди. Шунингдек, “Тоза табиат” рукнининг бугунги сонида Орол денгизининг экологик фожиасидан азият чекаётган Хоразмда аҳоли ичимлик суви муаммосига дуч келаётганига оид маълумотлар билан танишишингиз мумкин.

26 авгут куни Украина Президенти Леонид Кучма Дунай дарёси дельтасида қурилган “Бистрое” номли янги каналнинг биринчи қисмини тантанали равишда очди.

Кучма шу лойиҳа билан боғлиқ танқидлар сиёсий ва иқтисодий асосга эга эканини айтиб, уларни рад этди. Украина раҳбари канал қурилишида барча халқаро экологик талаблар ҳисобга олинганини таъкидлади:

”Халқаро ҳамжамиятнинг мазкур лойиҳага қарши чиқишига сабаб бўлган қатор айблов ва хатто очиқ провокациялардан барчангиз яхши хабардорсиз. Экологларда ташвиш уйғотиш уринишлари ҳозир ҳам давом этмоқда. Канал атрофидаги сувларни чайқатишдан қандай манфаатлар кўзланганини ҳам биз биламиз. Аслида, канал қурилишида барча халқаро экологик талаблар ҳисобга олинган” - деди Украина Президенти.

Руминия ҳукумати “Бистрое” каналининг ишга тушиши оқибатида Дунайнинг Руминия ҳудудларидан оқиб ўтадиган қисмида сув сатҳи пасайиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда. Руминия Президенти Иоан Илиескунинг идораси канал лойиҳаси икки давлатнинг яхши қўшничилик муносабатларига зид эканини билдирди.

Европа Иттифоқи, АҚШ, Руминия рамийлари ва Дунё табиати жамғармаси номли ташкилот вакиллари мазкур канал лойиҳасига қаршилик билдирмоқда. Европа Комиссияси кемалар қатнаши кўзда тутилган мазкур канал ишга туширилгани юзасидан афсусланиш билдирди. Комиссия матбуот вакили Жан Кристоф Филорига кўра, Европа Комиссияси Украина ҳукуматининг канал қурилиши ишларни тўхтатишини хоҳлайди:

”Биз канал қурилишининг атроф-муҳитга таъсири ўрганиб чиқилмагунича барча қурилиш ишлари тўхтатилишини хоҳлаймиз” - дейди Европа Крсиссияси вакили.

Дунё табиати жамғармаси ташкилоти Украина ҳукуматининг Дунай дарёси дельтасида канал қуриш режаси дарё ҳавзасидаги кўплаб қуш турлари кўпайишига катта зиён етказишини билдиради. Ташкилот маълумотларга кўра, ҳозирда Дунай дельтасида тахминан 280 турдаги қуш яшайди.

Айни пайтда, Европа Комиссияси вакили Жан Кристоф Филори Украина режаси минтақадаги атроф-муҳитга салбий таъсир қилишини айтади:

”Биринчидан, Дунай дельтаси экосистемаси ўта нозик. У ерда жуда кўп ҳайвон турлари ва ноёб ўсимликлар бор. Бу минтақа ботқоқланган ҳудудларни ҳимоя қилишни кўзда тутган “Рамсар” конвенцияси томонидан ҳимоя остига олинган. Қатор нодавлат ташкилотлари канал қурилиши лойиҳасининг атроф-муҳитга таъсири масаласига жаҳон эътиборини қаратиб келмоқда. Шунга қарамай, қурилиш ишлари каналнинг атроф-муҳитга етказадиган зарари ўрганилмасдан туриб олиб борилмоқда” - дея хавотир билдирди Европа Комиссияси расмийси.

Ўз исмини айтмасликни сўраган Европа Иттифоқининг яна бир вакили Озодлик мухбири билан суҳбатда, канал қурилиши масаласи Украина ва Европа Иттифоқи муносабатларига таъсир қилишини билдирди. Сувга оид лойиҳалар нафақат атроф-муҳит, балки одамларга ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Орол денгизининг қуриши бунга ёрқин мисол бўла олади.

Айни пайтда, дарё ва канал сувларининг ифлосланиши шу манбалардан фойдаланаётган одамлар саломатлигига катта зарар етказмоқда. Бундай ҳолатни Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида, шу жумладан Хоразмда ҳам кузатиш мумкин.
XS
SM
MD
LG