Линклар

Сиёсат билан шуғулланмайдиган халқнинг эртаси қоронғу


Шайбон Бир неча йиллардан буён Ўзбекистонда 31 август Қатағон қурбонларини ёд этиш куни сифатида нишонланади. Шу сана муносабати билан “Озодлик” мухбири бир гуруҳ зиёлилар билан суҳбатлашди.

Ҳеч шубҳасиз, қатағон йиллари собиқ иттифоқ ҳудудидаги кўпгина халқлар сингари ўзбекистонликлар хотирасида ҳам тарихнинг энг қора кунлари сифатида муҳрланган. Гарчи шўролар давлати, унинг намоёндалари ҳақида етарли тушунчага эга бўлмаган янги авлод улғаяётган бўлса-да, қатағон йиллари ҳали ҳам унутилмаган. Унинг оғриқли изтироблари ҳамон ўзбеклар қалбида садо бераётгандай гўё. “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган зиёлиларнинг барчаси мазкур қатағондан Марказий Осиё халқларидан энг кўп ўзбеклар зиён кўрганини таъкидлади.

Таниқли шоир ва халқ ҳофизи Дадахон Ҳасанов: Туркистон халқи орасидан жуда кўп буюк алломалар етишиб чиққан. Империалистлар бу халқнинг руҳи синдирилса, дунёни эгаллаш осон кечишини билиб, Ўзбекистонга, Туркистонга қаттиқ зарба берган.

“Демократик ташаббус” маркази раиси Искандар Худойберганов: Ҳамма даврларда қатағонлардан, асосан, зиёлилар зиён кўрган. Биз ёдга олаётган қатағон йилларида зиёлиларнинг кўпчилиги ўзбекистонлик бўлгани учун бу халқ Ўрта Осиёнинг бошқа халқларига нисбатан кўпроқ азият чекди. Нега десангиз, қатағонга қарши курашадиганлар ҳам, тузумнинг ашаддий душманлари ҳам ўша зиёлилар эди. Афсуски, бугунги кун воқеалари шуни кўрсатмоқдаки, бу халқ ҳамон ўша офатнинг қурбони бўлиб келяпти.

Адабиётшунос Абдулла Улуғов: Ўша қатағонда миллатнинг маънавий ва ақлий гулларини қирғин қилинган. Улар орасида ёзувчилар, шоирлар, умуман, улкан маданият арбоблари бор эди. Бу арбоблар миллатнинг маънавияти, маданияти, тили ва адабиёти равнақи учун курашган. Уларнинг қатағон қилиниши, шубҳасиз, миллатнинг тилига, маданиятига болта уриш билан баробар эди.

Д.Ҳасанов: Ўзбек тили ҳамон қатағон асоратларидан қутулгани йўқ. Мустақилликка эришдик, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди, алифбомиз ўзгарди. Лекин ҳозир ҳам ҳамма жойда рус тилида иш юритилади. Кўча-кўйларда русча суҳбатлашилмоқда. Демак, ўзбек тили ҳамон қатағонда.

Суҳбатдошларнинг сўзларига кўра, ўзбек халқида диктатура, қатағон сиёсатини олиб борувчи режимларга қарши курашиш иммунитети йўқ.

А.Улуғов: Миллатнинг бундай иммунитети бир-икки йилда шаклланмайди. Бунинг учун узоқ асрлар керак. 30-йиллар қатағони баҳорнинг шамоли ёки қишнинг аёзидек бир муддатдан кейин ўтиб кетадиган ҳодиса эмас. Бу машъум йиллар миллатпарварлик туйғуларига анча заҳа етказган. Ўша давр қўрқуви, даҳшати одамлар онгига сингиб кетган. Бугун мана шу одамлар тарбиялаган авлод яшамоқда.

Жамиятшунос Комрон Алиев: Ўзбеклардаги иммунитет пассив ҳолатда намоён бўлади. Яъни кишилар ўзининг, оила аъзоларининг ҳаётини сиёсатга аралашмаслик йўли билан сақлаб қолишга уринади. Афсуски, бу йўл ниҳоятда нотўғри. Сиёсат билан шуғулланмаган халқнинг эртанги куни ҳамма вақт қоронғу бўлиб қолаверади. Уни ҳеч ким таъқиблардан сақлаб қола олмайди. Бу таъқиблар ташқи давлатлар томонидан ҳам, халқнинг ўзидан чиққан диктаторлар орқали ҳам амалга оширилиши мумкин.

Д.Ҳасанов: Иммунитет қонимизда бор. Бу иммунитетни рус империализми ўлдириб юборган эди. Бироқ Мустақилликдан олдин, Горбачёв даврида қонимиздаги бу иммунитет уйғонган, сал жўшган эди.
XS
SM
MD
LG