Линклар

Қозоғистондаги сиёсий мухолифат лидери қамоқдан озод этилди


Тўлқин Қозоғистонда 19 сентябр куни ўтиши режалаштирилган парламент сайловлари олдидан сиёсий мухолифат лидерларидан бири, Қозоғистон демократик танлови партияси етакчиси Ғалимжон Жақиянов қамоқдан озод этилди. Жазо муддатининг қолган қисмини Ғалимжон Жақиянов манзил колониясида ўтайди. Айни пайтда унинг сиёсатга фаол иштирок этиши мумкин эмас.

Павлодар вилоятининг собиқ губернатори ва мухолифатдаги Қозоғистон демократик танлови партияси етакчиси Ғалимжон Жақиянов 2002 йилнинг 2 августида 7 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Судда унга нисбатан хизмат лавозимини суиистеъмол қилиш айблови бўйича ҳукм чиқарилган. Жақияновдан олдинроқ мазкур партиянинг яна бир вакили, собиқ энергетика вазири Мухтор Аблазов ҳам айнан шундай айблов билан чиқарилган ҳукм асосида 6 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Ҳукмга кўра, Жақияновга берилган жазо жорий йилнинг 2 августида қамоқдан манзил колониясига алмаштирилиши керак эди. 10 август куни Жақиянов жазо муддатини ўтаётган Қушмурун колониясида шошилинч суд ўтказилиб, суд Жақияновни манзил колониясига ўтказиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Мазкур суд ҳукмига кўра, Жақиянов Павлодар вилоятидаги аҳоли пунктларидан бирига жазо муддатини манзил колониясида давом эттириш учун жўнатилди. 30 август куни мазкур манзил колониясида Жақияновнинг журналистлар билан илк учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда 30 га яқин журналист иштирок этди. Хўш, манзил колониясига ўтгандан кейин Жақиянов учун ҳибсхонадаги шарт-шароитларда қандай ўзгаришлар бўлди? Журналистларнинг бу саволига у шундай жавоб қилди:

“Ўзгаришлар бор, энг биринчиси, мана,2,5 йиллик танаффусдан кейин бугун журналистлар билан учрашишга рухсат беришди. Учрашиш учун турли оммавий ахборот воситалари, ҳатто Алматидан келган журналистларни кўрганимдан хурсандман”.
Манзил колониясининг қамоқхонадан фарқи ҳақида гапирар экан Жақиянов, жумладан, шундай деди:

“Қамоқхона билан манзил колониясининг фарқи шундаки, қамоқхонада маҳбусларга ташқарига чиқиб, одамлар билан мулоқот қилишга рухсат берилмайди. Иккинчи фарқли жиҳати — қамоқхона панжара билан ўралган. Гарчи колония ҳам чегараланган бўлсада, бу ерда колония бошлиғи рухсати билан ташқарига чиқиб, одамлар билан мулоқот қилиш мумкин”.

Гарчи Ғалимжон Жақияновга берилган жазо енгиллаштирилган бўлсада, унинг сиёсий фаолият билан шуғулланиши тақиқланган. Баъзи мулоҳазаларга кўра, Жақияновнинг озод этилиши Қозоғистонда 19 сентябр куни ўтадиган парламент сайловлари билан боғлиқ. Бу фикр қай даражада асосли? — деган савол билан қозоғистонлик сиёсатчи Амиржон Қўсановга мурожаат қилдик:

“Бунинг ҳам ўзига яраша аҳамияти бор, чунки парламент сайловлари олдидан халқаро ташкилотлар, демократик институтлар томонидан кескин танқидлар билдирилмоқда. Бундай вазиятда Қозоғистон ҳукумати демократия томон кичик бир қадам ташлашга мажбур. Бу Президент Назарбоевнинг сиёсий тизимни лебераллаштириш борасида билдирган мулоҳазаларида ҳам айтилди. Бунинг Сергей Дувановнинг озод этилишига ҳам таъсири бор. Гап шундаки, сентябр ўрталари Қозоғистон Президенти Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти саммитида маъруза билан сўзга чиқиши керак. 2009 йилда Қозоғистон ҳукуматининг бу ташкилотга раислик қилиш нияти ҳам йўқ эмас”.

Жақиянов тарафдорларига кўра, унинг қамоққа олиниши мутлақо сиёсий сабабларга кўра бўлиб, у уюштирилган айбловлар асосида жавобгарликка тортилган. Сиёсатчи Амиржон Қўсанов:

“Мен Жақиянов тарафдорлари, ҳимоячиларининг партия етакчиси сиёсий фаолияти учун қамоққа олинган, деган фикрларига қўшиламан. Бу ҳукуматнинг ўз мухолифларига нисбатан танлаб, айирмачилик билан муносабатда бўлганлиги оқибатида содир бўлди”, - деди қозоғистонлик сиёсатчи Амиржон Қўсанов.
XS
SM
MD
LG