Линклар

Ўн икки непаллик қатл этилди

  • Сарвар Усмон

Интернетдаги исломий сайтлардан бирида сешанба куни эълон қилинган видеоёзувда 12 нафар непаллик ишчининг ироқлик жанггарилар томонидан қатл қилингани – бир непалликнинг боши олиниб, қолганлари отиб ўлдирилгани намойиш қилинди.

Франциялик икки журналистнинг гаровга олиниши билан боғлиқ бўҳрон ҳам ўз ечимини топганича йўқ.

Ироқлик жанггариларнинг 12 нафар Непал фуқаросини қатл этишига Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби даражасида муносабат билдирилди. Кофи Аннан бу воқелардан даҳшатга тушганини билдирди.

Кейинги ойларда Ироқда 100 дан зиёд хорижлик гаровга олинди. Гаровга олинганларнинг кўпчилигини озод қилишга муваффақ бўлинди, бироқ уларнинг 25 нафари қатл қилинди, камида 20 киши гаровда ушлаб турилибди. Гаровга олинганлар Болгария, Канада, Кения, Ҳиндистон, Туркия, Франция, Сомали ҳамда Миср фуқароларидир. Ниҳоят, бу рўйхатдан Непал ҳам ўрин олди ва бу мамлакатнинг ҳарбий ҳаракатларга мутлақо алоқаси бўлмаган ишлар билан шуғулланиш учун Ироққа келган 12 фуқароси қатл этилди.

Бу фожиа тўғрисидаги хабар ўз тасдиғини топганидан сўнг мамлакат пойтахти Катмандуда норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Акция иштирокчилари ҳукуматни гаровдагилар ҳаётини сақлаб қолиш учун етарли ҳаракат қилмаганликда айблади. Маҳаллий полиция ва намойишчилар ўртасида тўқнашув келиб чиқди. Намойишчилар ва полиция ўртасидаги тўқнашувлар шу даражага етганки, хабарларга қараганда, Непал пойтахтида комендантлик соати жорий этилган.

Эслатиб ўтиш керакки, Непал АҚШ етакчилигидаги коалиция аъзоси эмас. Демакки, бу мамлакат қўшинлари Ироқда йўқ. Қатл этилган непалликлар эса, Ироққа иш излаб борган оддий фуқаролар эди холос.

Гап гаровга олишлар тўғрисида борар экан, шу кеча-кундузда оммавий ахборот воситалари диққат марказида турган яна бир воқеа - франциялик икки журналистнинг гаровга олинишига тўхталиб ўтишимиз жоиз. Сўнгги соатларгача олинган хабарларга қараганда, Франция ҳукумати ўз фуқароларини озод қилиш учун чораларни кўраяпти, бироқ, ҳозирча мақсадга эриша олгани йўқ.

Франция Президенти Жак Ширак 31 август куни ҳукумат кўраётган чоралар тўғрисида бундай деди:

"Франция расмийлари Ироқда гаровга олинган икки француз журналистини озод қилишга ҳаракат қилаяпти. Аввал айтганимдай, улар ўз ватанларига соғ-омон қайтишлари учун қўлимиздан келганича ҳаракат қилаяпмиз".

Франциялик журналистлар Кристиан Шесно ва Жорж Малбрунолар 19 август куни ўғирлаб кетилганди. Уларни ўзини "Ироқ армияси", деб атаётган кичик бир гуруҳ гаровда ушлаб турибди. Бу гуруҳ талаби ҳақида аввалги эшиттиришларимизда ҳам айтганмиз. Улар Франция мактабларида муслима қизларнинг рўмол ўраб юришини тақиқловчи қонунни бекор қилишни талаб қилаяпти.

Гаровга олинган журналистларни озод қилишга нафақат Франция ҳукумати, балки жамоат ташкилотлари ҳам ҳаракат қилаяпти. Парижда норозилик намойишлари бўлиб ўтаяпти. Олинган хабарларга қараганда, Франция мусулмонлари кенгаши ташкилоти вакили 2 сентябрь куни Бағдодга сафар қилади.

Рим Папаси Иоанн Павел Иккинчи ҳам 1 сентябрь куни баёнот эълон қилди. Ҳужжатда гаровдагиларни озод қилиш талаби битилган.
XS
SM
MD
LG