Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:01

Қозоғистонда террористик ва диний-экстремистик ташкилотлар рўйхатини тузмоқчилар


Сентябрнинг биринчи кунида Қозоғистон парламенти ёзги таътилдан кейинги ишини бошлади. Парламент палаталарининг қўшма мажлисида қатнашиб, чиқиш қилган мамлакат Президенти Нурсултон Назарбоев минтақада терроризм хавфи кучайиб бораётгани сабабли диний эътиқод эркинлиги тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар киритишни таклиф қилди.

Озодлик радиоси Қозоқ хизмати мухбирининг хабар қилишича, Президент Назарбоев террористик, диний эктремистик ташкилотлар рўйхати шу кунгача тузиб чиқилмганини таъкидлар экан, диний эътиқод эркинлиги тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар киритишни таклиф қилди. Ўз чиқишида у жумладан "давлат диний ўқув юртларига лицензия бериш ҳуқуқига эга бўлиши лозим", деди. Дин давлатдан ажратилгани боис, шу кунда давлатнинг бундай қилишга ҳуқуқи йўқ. Президентнинг фикрича, мамлакат турли-туман диний миссионерлар билан тўлиб кетаяпти, уларнинг мақсадлари эса, ҳар доим ҳам диний эмас. "Диний экстремизм Қозоғистонда ўз кучини синаб кўраяпти,-деди Назарбоев,- диний-сиёсий "Хизб ут–Таҳрир" партиясининг қонунга зид фаолияти очиқ шакл касб эта бошлади".

Қозоғистон раҳбари келтирган маълумотларга қараганда, 2003 йили республика жанубида "Хизб ут–Таҳрир"нинг мингта атрофида варақаси топилган бўлса, жорий йилда бундай варақалар 11 мингтага етган. "Биз эса, ҳалигача экстремизмга қарши қонун қабул қилган эмасмиз", - деди Назарбоев парламент аъзоларига мурожаат қилар экан.

Президент айтаётган қонун лойиҳаси, KZ-today мухбирининг хабарига қараганда, тайёр. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Нартай Дутбаев 1 сентябрь куни журналистлар билан учрашуви чоғида маълум қилган. Унинг айтишича, янги қонунда экстремистик ташкилотлар фаолиятини суд орқали тақиқлаб қўйиш механизмлари ишлаб чиқилган.

Демак, Қозоғистон расмийлари фикрича, эктремистик ташкилотлар фаолиятини қонун билан тақиқлаб қўйиш лозим, бундай ташкилотларнинг расмий рўйхати тузилиши керак.

Хўш, мамлакат раҳбариятининг бундай режасига жамоатчиликнинг муносабати қандай?

Сиёсатшунос Дўсим Сатпаевнинг фикрича, террористик ва диний-экстремистик ташкилотларнинг расмий рўйхати тузилмаган бўлсада, Қозоғистон полицияси баъзи диний ташкилотларга қарши курашни аллақачон бошлаб юборган. Рўйхатни тузиш пайти келди, дейди у. "Фаолияти тақиқланган диний-экстремистик ташкилотлар рўйхати қўшни Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонда тузилиб бўлган. Россияда бундай рўйхат ўтган йили тузилган. Бундай рўйхат Қозоғистонда ҳам тузилиши керак. Чунки
республиканинг куч ишлатиш салоҳиятига эга идоралари бундай рўйхат зарурлигини анчадан бери таъкидлаб келаётганди. Рўйхат у ёки бу террористик ва экстремистик ташкилот билан самаралироқ курашишга имкон беради",- дейди сиёсатшунос Дўсим Сатпаев.

Cиёсатшунос Камал Бурҳанов ҳам Сатпаевнинг фикрига қўшилади. Унинг фикрича, рўйхат диний ва дунёвий олимлар, жамоатчилик вакиллари иштирокида тузилиши лозим."Бундай ташкилотларни ҳисобга олиш, улар фаолиятини ўрганиш лозим. Болаларимиз Саудия Арабистони, Эрон, Покистон ва шу каби бошқа мамлакатларда ўқияпти. Улар бу мамлакатларда қандай оқимларга кириб кетаяпти, қандай тарбия олаяпти – билмаймиз. Улар мамлакатга қайтгач, нима билан шуғуллануётганини ҳам ҳеч ким билмайди. Шунинг учун ҳам рўйхатдан ўтказган дуруст",-
дейди сиёсатшунос Камал Бурханов.

Қозоғистонлик диншунос олим Муртазо Булитайнинг фикрича эса, бугунги кунда терроризмга қарши кураш байроғи остида баъзи давлатлар ўзларининг бошқа мақсадларини кўзлаяпти. Шу маънода Россияда чечен миллатининг, Хитойда уйғур миллатининг муаммолари борлигига кўз юмиб бўлмайди, дейди у.
"Қозоғистонга на ичкаридан, на ташқаридан таҳдид солаётган хавф бор. Россиянинг масаласи бошқа. У федерaтив мамлакат бўлгани туфайли экстремизмга сабаб бўлувчи диний, миллий зиддиятлар мавжуд. Бироқ ҳеч бир давлатнинг террорчиликка қарши кураш баҳонасида инсон ҳуқуқларини топташга ҳаққи йўқ",- диншунос олим Муртазо Булитай.
XS
SM
MD
LG