Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:21

Президент Назарбоев"қозоғистонлик миллатини шакллантириш" ғоясини илгари сурди


Қозоғистон – кўп миллатли мамлакат. Республикада қарийб 110 миллат вакиллари истиқомат қилади. Бироқ, мамлакат президенти Нурсултон Назарбоев илгари сураётган ғоя – "қозоғистонлик миллатини шакллантириш" ғояси амалга ошгудек бўлса, келажакда бу юртда фақат битта миллат –"қозоғистонлик" деган қурама миллат яшайдиган бўлади.

Қозоғистон Президенти ўзининг "қозоғистонлик" деб аталувчи миллатни шакллантириш ғоясини республикадаги миллий-маданий марказлар вакиллари билан ўтказилган учрашув чоғида илгари сурди. Қозоғистон халқлари ассамблеяси раиси ўринбосари Жуматай Алиев учрашувдан кейин ўтказилган брифингда Президент ғоясини тўла қўллаб-қувватлаяжагини билдирар экан, жумладан шундай деди:"Президентнинг айтганлари миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Президентимиз ўз ғояси билан мамлакатимиз манфаатларини ўйлайдиган катта арбоб эканлигини намойиш қилди".

Жаноб Алиев Президентнинг ўзи ва унинг ғоясини қанчалар мақтамасин, бу ғоя ҳали мутлақ тўғри ва барча қозоғистонликлар уни қабул қилади, дегани эмас. Бундай фикрга келишимизга, Озодлик мухбирининг қозоғистонлик жамоат арбоблари, олимлар ҳамда оддий фуқаролар орасида ўтказган сўрови асос бўла олади.

Қозоғистон парламенти депутати Амангелди Айталининг айтишича, "қозоғистонлик миллати", деган тушунча, энг аввало, рус тилида чиқадиган нашрларда пайдо бўлган, бу ғоя муаллифлари мамлакат фуқароларини яхлит бир миллат сифатида шакллантиришнинг америкача тажрибасига таянадилар. Депутатнинг фикрича, бу тажрибадан Қозоғистон шароитида фойдаланишга шошмаслик керак. "Чунки, "қозоғистонлик" деган миллатини шакллантиришга ошиқаётганлар бу тушунча ортида рус тилида сўзлашувчи миллатни назарда тутадилар, натижада қозоқ халқининг тили ва маданияти иккинчи, учинчи даражага тушиб қолади",- деб хавфсирайди депутат Айтали.

Қозоғистон парламентининг яна бир аъзоси Фариза Ўнғарсинова АҚШда бўлганлигини, америкаликларнинг фахр билан "биз америкаликлармиз", дейишларига гувоҳ бўлганлигини таъкидлайди. "Бироқ, бу ҳолат америкаликларга ярашгани билан, бизга тўғри келмайди,- дейди бу депутат ҳам,- Шўролар даврида ҳам Совет Иттифоқи ҳудудидаги халқларни битта миллатга айлантирамиз, деган уринишлар бўлди. Менимча, ҳар бир давлат туб миллат манфаатларини ҳимоялаши керак. Биз ҳалигача ўз она тилимизда бемалол гаплаша олмаяпмиз. Шунинг учун мен бу ғояни тўғри дея олмайман".

Шуниси эътиборлики, оддий астаналиклар орасида тилга олинаётган масала юзасидан сўров ўтказилар экан, жавобларда бир-бирига зид икки тенденция кузатилди. Рус тилида сўзлашувчилар қозоғистонлик миллатини шакллантириш тарафдори. Қозоқлар эса, аксинча, қозоғистонлик деган миллатни шакллантириш ғоясига қарши. Уларнинг фикрича, агар шундай қилинса, қозоқларнинг ўзига хослиги йўқолиб кетади.

Қозоғистонда бир неча юз минг ўзбек ҳам яшайди. Хўш, улар қандай фикрда? Келажакда паспортларидаги "миллати" деган чизиққа "ўзбек" деб эмас, "қозоғистонлик", деб ёзилишига улар розими? Умуман, Президент Назарбоевнинг ғоясини амалга ошириб бўладими? Бу саволимизга чимкентлик Мўътабархон исмли тингловчимиз жавоб беришга ҳаракат қилди. Унинг фикрича, республикада истиқомат қилувчи 100 дан зиёд миллат вакилларини битта сунъий миллатга бирлаштиришга уриниш тўғри эмас. Чунки ҳар бир миллатнинг ўз қадр-қиммати, удумлари, ота мерос қадриятлари бор.

***
XS
SM
MD
LG