Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:33

Наманганлик журналистлар мустақил ташкилот тузмоқчи


Куни-кеча наманганлик бир гуруҳ журналистлар ўтказган давра суҳбатида вилоят, қолаверса, бутун ўзбек матбуотидаги кейинги 13 йилдаги ўзгаришлар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди, журналистлар олдида турган баъзи муаммоларни муҳокама қилинди.

Тадбир иштирокчиларининг сўзларига қараганда, давра суҳбати ўтказилишининг ўзига хос сабаблари бор. Зеро, кейинги пайтларда қисман эркин бўлган газеталар ижодий ходимларига нисбатан тазйиқлар кучайди. Эркин фикрловчи бир неча журналист турли сабаблар билан ҳибсга олинди. Шундай мураккаб вазиятда журналистларнинг йиғилиб, давра суҳбатлари ўтказиб туриши фойдадан холи бўлмайди.

Журналист Абдужаббор Умаровнинг таъкидлашича, мустақиллик даври матбуотининг асосий вазифаси фуқароларни фикрсизлик ботқоғидан холос этиш бўлиши керак эди. Аммо бунинг тескариси юз берди. Газеталар олди-қочди, ёлғон мақолалар билан тўла. Матбуот эркинлигининг йўқлиги журналистларни турли тоифаларга бўлиб ташлади. Уларнинг баъзилари мақтов орқали тирикчилик қилишга ўтиб олди.

“Интерньюс” ташкилотининг Фарғона водийсидаги ресурс маркази раҳбари Аҳмаджон Муҳаммаджоновнинг фикрича, журналистлар орасида ижод эмас, кўчирмачилик билан шуғулланувчи яна бир тоифа шаклланган. Улар Интернетдан турли мақолаларни ўзбек тилига ўгириб бериш билан чекланмоқда. Бу журналистика эмас, пул топишнинг оддий йўли, холос.

Мустақил журналист Абдурашид Абдуллаевнинг айтишича, мустақиллик эълон қилинганга қадар ўзбек матбуоти қисман эркин эди. Аммо 13 йилдирки, ҳукуматнинг тегишли органлари қонунга зид равишда матбуотни бошқаришга, назоратга олишга ҳаракат қилиб келмоқда.

Давра суҳбати қатнашчилари ҳукумат амалдорларининг хорижий ва маҳаллий журналистларга нисбатан муносабатини ҳам муҳокама қилди.

А.Умаровнинг билдиришича, амалдорлар танқидий чиқишлар қилаётган бир журналистга тазйиқлар ўтказиб, ҳатто уни қамаган пайтда бошқа ҳамкасблари бунга жим қараб турса, эртага барчанинг тилига тушов тушади.

Давра суҳбати иштирокчилари келгусида журналистларни ҳимоя қилувчи мустақил ташкилот тузишга қарор қилди.
XS
SM
MD
LG